Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси ўз ишини якунлади. Мажлисда депутатлар “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишмоқда.
Мажлисда қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида барча сиёсий партиялар фракциялари ўз позициясини билдириб, қатор таклифларни илгари сурган эди. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида ўтказилган ишчи гуруҳ йиғилишларида лойиҳани янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича депутатлар томонидан кўплаб таклифлар берилди ва уларнинг аксарияти ҳужжатни маромига етказишда эътиборга олинди.
Кўплаб принципиал аҳамиятга молик таклифларга ҳукумат вакилларининг масъулият билан ёндошуви қонун лойиҳасининг мукаммал бўлишига ва такомиллашувига хизмат қилди.
Шунингдек, тегишли қўмиталар ва сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида қонун лойиҳасида вазирлик ва идораларга ажратилиши кўзда тутилган бюджет маблағлари, улардан фойдаланиш ва натижадорликни ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинди.
Мажлисда бош молиявий ҳужжат лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, парламент вакилларининг берган саволларига Молия вазири Т.Ишметов, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъуллари атрофлича жавоб қайтарди.
Қизғин давом этган муҳокамалар, савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юбориладиган бўлди.