2023 йилда экспорт қилувчи ташкилотларга 639,3 млрд сўм миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилади.
Маълумот қилинишича, 586 та корхоналарга маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш учун 310 млрд сўмлик компенсация қоплаб берилди;
- 324 та экспортёр корхоналарга гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда 44,7 млрд сўмлик суғурта мукофоти харажатлари қоплаб берилди;
- 292 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга халқаро стандарт ва сертификатни жорий қилиш бўйича 41,1 млрд сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, 468 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга “Made in Uzbekistan” дастурини амалга ошириш учун 45,5 млрд сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди.
- 73 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга даврий нашрларга обуна бўлиш, тақдимотлар ва реклама компанияларини ўтказиш бўйича 4,7 млрд сўмлик;
- маҳаллий ва хорижий компанияларни, мутахассисларни жалб қилган ҳолда бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумлар ташкил этиш учун 74 та экспорт қилувчи корхоналарга 420,4 млн сўмлик;
- ваколатли органларнинг мева-сабзавотлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш учун зарур сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ 34 млрд сўмлик харажатлар қоплаб берилди.
Шу билан бирга, Экспортни рағбатлантириш агентлиги 54 та маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларга 100 тадан ортиқ хорижий ҳамкорлар топишда амалий ёрдам кўрсатди.
Шунингдек, 273 та экспорт қилувчи корхоналарга молиялаштириш кредитлари учун тижорат банкларига 164,5 млн АҚШ доллари миқдорида молиявий ресурс ажратилди.
Агентлик томонидан экспорт қилувчи корхоналарга кўрсатилган молиявий ёрдамлар натижасида 2,7 млрд доллар миқдорида экспорт амалга оширилишига эришилди.
2023 йилда экспорт қилувчи ташкилотларга 639,3 млрд сўм молиявий ёрдам кўрсатилиши режалаштирилган. Хусусан, экспорт қилувчи корхоналарнинг мурожаатларига асосан:
- маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш учун 418 млрд сўм молиявий ёрдам кўрсатилади;
- суғурта хизматларидан фойдаланганда 42 млрд сўм суғурта мукофоти харажатлари қоплаб берилади.
Ундан ташқари, халқаро стандарт ва сертификатни жорий қилиш, тақдимотлар ва реклама компанияларини ўтказиш, маҳаллий корхоналарнинг халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишини таъминлаш учун 178 млрд сўм молиявий ёрдам кўрсатилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, 2023 йилда экспортолди молиялаштириш кредитлари учун 200 млн АҚШ доллари миқдорида молиявий ресурслар ажратилади.