Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида молия вазири Т.Ишметов "2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги қонун лойиҳаси юзасидан маъруза қилар экан, келгуси йилги солиқ сиёсати бўйича қатор янгиликларни маълум қилди.
"2023 йилда белгиланган солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкалари фойда солиғининг базавий миқдори 15 фоиз, жисмоний шахсларнинг даромад солиғи 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ 1,5 фоизни ташкил этади.
2023 йилги солиқ сиёсатида бир қатор янгиликлар киритилмоқда. Тадбиркорликни янада ривожлантириш борасида солиқ ставкаларини пасайтириш ва унификация қилиш чоралари кўрилади. Хусусан, 2023 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкасини амалдаги 15 фоиздан 12 фоизга пасайтириш кўзда тутилмоқда. Бу энг асосий ўзгаришлардан биридир. Солиқнинг 3 фоиз пасайтирилиши натижасида тадбиркорлар ҳисобида қўшимча 13 триллион сўм айланма маблағ қолишига эришилади. Ушбу солиқ бўйича тушумлар жорий йилга нисбатан 16 триллион сўмга кўп бўлиши кутилмоқда.
Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес ривожланишини рағбатлантириш мақсадида товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган кичик бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун 1 йил давомида фойда солиғи ставкасини 2 бараварга пасайтириш назарда тутилмоқда", деди молия вазири.