2025 йилги Параосиё ўйинлари ҳам Тошкент шаҳрида ўтказилади

2025 йилги Параосиё ўйинлари ҳам Тошкент шаҳрида ўтказилади

"Ҳурматли Президентимиз томонидан олимпия ва паралимпия ҳаракатига алоҳида эътибор қаратилиб, зарур инфратузилма ташкил этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 18 майдаги “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу соҳага кенг йўл очди" - деб хабар бермоқда президент матбуот котиби.

Тошкент шаҳри яқинида Олимпия шаҳарчаси қурилаётгани, у ерда 2025 йилда ёшлар ўртасида IV Осиё ўйинлари ўтказилишидан халқимиз яхши хабардор.

Энди яна бир хушхабар: ёшлар ўртасида 2025 йилги Параосиё ўйинлари ҳам Тошкент шаҳрида ўтказиладиган бўлди. Бу ҳақда Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид маълум қилган.

Бу мусобақани қабул қилиш учун қитъамизнинг бир қатор етакчи давлатлари даъвогарлик қилишган эди. Якунда Осиё Паралимпия қўмитаси Тошкент шаҳри номзодини қўллаб-қувватлади.

Эътиборлиси, шу пайтгача ҳеч қайси давлатда ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари кетма-кет ўтказилмаган.