2030 йилгача барча ирригация объектларига «Ақлли сув» назорат қурилмалари ўрнатилади

2030 йилгача барча ирригация объектларига «Ақлли сув» назорат қурилмалари ўрнатилади

«Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» Президент Фармони қабул қилинди (ПФ–6024-сон, 10.07.2020 й.).

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди.

Сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш Концепциянинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Фармонга кўра, 2030 йилга қадар қуйидаги кўрсаткичларга эришиш назарда тутилган:

- суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш;

- сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш;

- шўрланган суғориладиган ер майдонларини 226 минг гектарга камайтириш;

- Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 25 фоизга камайтириш;

- барча ирригация тизими объектларига “Smart Water” («Ақлли сув») сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмалари ўрнатилиб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этиш;

- 100 та йирик сув хўжалиги объектларида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш;

- қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш;

- сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳани амалга ошириш.