24-27 февраль кунлари кутилаётган совуқ сиклонда экинлар ва дарахтларни сақлаш бўйича тавсиялар берилди

24-27 февраль кунлари кутилаётган совуқ сиклонда экинлар ва дарахтларни сақлаш бўйича тавсиялар берилди

Гидрометеорология хизмати хабар беришича, 24-27 февраль кунлари Ўзбекистонга Волга бўйи орқали Россиянинг Европа қисми ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда.

Об-ҳавонинг кескин ўзгариши шароитида мевали боғ ва узумзорлар, эртаки картошка ва сабзавот экинларини сақлаб қолиш учун тавсия этилади:

- мевали боғ ва узумзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизиш;

- мевали боғ ва узумзорлар қатор ораларига маҳаллий ўғит аралаш ҳашак, пахол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш. Бунинг учун мевали боғ ва узумзорларга бир текисда эни 1,25-1,5 м ҳамда баландлиги 0,5-0,75 м дан тўп-тўп қилиб уйиб қўйиш;

- дарахтларнинг ёши ва қалин сийраклигига қараб ҳар бир гектар майдонга 100-200 та уюм ҳосил қилиш. Тутун боғ ичига яхши ёйилиши учун уюмларни мевали боғ ва узумзорларнинг шамол эсадиган томонига қўйиш ҳамда ҳаво хароратини кузатиб бориш;

- ҳаво очиқ бўлиб, ҳарорат +1°С га тушиши билан уюмларни тутатиш. Бунда уюмларнинг алангаланмай, тутаб ёнишига алоҳида аҳамият бериш лозим. Совуқ такрорланишини ҳисобга олиб, уюмлар оралатиб тутатиш. Aгар совуқ бўлмаса уюмлардан ўғит сифатида фойдаланиш;

- эртаки муддатларда экилган картошка ниҳоллари ердан униб чиққан бўлса, шароитга қараб, эгат устини полиетилен плёнка билан ёпиш ёки ёпишнинг иложи бўлмаган майдонларда кечки сув қўйишни ташкил этиш ва майдоннинг атрофига гўнг аралаш хашак, пахол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаш ҳамда уларни тутатиш; 

- иситилмайдиган кўчатхоналарда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини совуқдан асрашнинг муҳим тадбирларидан бири дугалар ўрнатиш, устини полиетилен плёнкаси билан ёпиш, вақтинчалик иситиш мосламаларидан фойдаланиш ҳамда атрофига гўнг аралаш хашак, пахол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш; 

- иссиқсевар сабзавот экинларидан помидор, ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини парникда тайёрлашни ҳамда  бодринг ва полиз экинлари уруғларини экишни вақтинчалик тўхтатиб туриш;

Совуққа чидамли сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги, карам ва кўкат сабзавотлар каби экинларга совуқ -2-3°С сезиларли таъсир этмайди.