25 сентябргача айрим туманларда ўзаро ишни ташкил қилишнинг ягона электрон тизими ишга туширилади

25 сентябргача айрим туманларда ўзаро ишни ташкил қилишнинг ягона электрон тизими ишга туширилади

«Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини эксперимент тариқасида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» Ҳукумат қарори (561-сон, 17.09.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари Наманган шаҳрида 5 та, Марҳамат туманида 4 та, Қарши туманида 3 та штат бирликларидан иборат бўлади.

Қарор билан Наманган шаҳри, Қарши ва Марҳамат туманларидаги юридик хизматлар штати (23 та) қисқараётган давлат ташкилотлари рўйхати тасдиқланди.

Мазкур ташкилотлар томонидан марказ билан келишилмаган ҳолда қабул қилинган буйруқ, фармойиш, шартнома ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Марказ ходимлари танлов асосида ишга қабул қилинади.

Қарорга кўра, 2020 йил 25 сентябрга қадар эксперимент доирасидаги туман (шаҳар)ларда марказлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида ўзаро ишни ташкил қилишнинг ягона электрон тизими ишга туширилади.

Шунингдек, қарор билан Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини эксперимент тариқасида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, марказ бошлиғи Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади.

Марказ фаолияти маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Фармонига асосан мазкур марказларни эксперимент тариқасида ташкил этиш белгиланганди.