Қашқадарёда 29 маротаба пичоқланган йигитнинг қотиллигида 17 ёшли қиз гумонланмоқда

Қашқадарёда 29 маротаба пичоқланган йигитнинг қотиллигида 17 ёшли қиз гумонланмоқда

Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Қўнғирот МФЙ Ўлмас қишлоғида 2020 йил 9 декабрь куни 23 ёшли йигит Ж. Х. 29 маротаба пичоқланиши оқибатида вафот этди. Унинг ўлимида 17 ёшли қизни айбдор сифатида гумон қилишмоқда. «Nasafnews»га йўлланган навбатдаги мурожаатда қотилликда қизнинг алоқаси йўқ экани, асосий айбдор яширилаётгани важ қилиб кўрсатилган. Бу борада сайт мухбирига интервью берган марҳум йигитнинг яқинлари ҳали энди 17 ёшни қаршилаган ёш қиз 29 маротаба пичоқ санчишга қодир эмаслигини, вафот этган йигит эса қизнинг номусига тегишга ҳаракат қилмаганини айтмоқда.

Қамаши туман прокуратураси терговчиси Ж.Ваҳобов ҳолатни ўрганиб, воқеани қуйидагича тасвирлаган:

«Марҳум қўшнисиникига онаси телефонда сўраётганини айтиб кирган. Телефонини қизга бериб, ўзи дарвозани қулфлаб, қизнинг орқасидан бориб икки қўли билан орқа бел қисмидан қучоқлаб, ерга секин ётқизиб олиб, дастлаб эгнидаги тўн ва камзулини, кейин қизнинг нимчасини ечиб номусига тегмоқчи бўлган. Шунда қўрқиб кетган қиз қутулиш мақсадида уйга қочган. Марҳум ортидан келаётганини кўриб, қўлига пичоқни олиб кучли ҳаяжонланиш ҳолатида Ж.Худойбердиевни кўкрак, қорин ва турли соҳаларига санчган. Марҳум воқеа жойида вафот этган».

Бироқ Қашқадарё вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика бўлинмаси берган экспертиза хулосаси терговчини айблов хулосасининг айрим жойларига шубҳаланишга мажбур этади. Аввало, гумонланувчи қизда шунча жанжалдан кейин ҳеч қандай тан жароҳатлари аниқланмаган.

«Ушбу оилаларнинг ўзаро адовати бўлмаган. Воқеа ҳақида 9 декабрь куни соат 15-16 лар орасида профилактика инспектори пичоқлашиш бўлибди дея хабар берди. Биргаликда воқеа содир бўлган хонадонга бордик. ИИБ ходимлари ичкарига кирди, мен кирмадим. Бола ўлиб ётган экан. Аввалига ўлганини билмадим, чунки эшикдан кирган жойдаги қонни кўриб қўрқиб ташқарига чиқиб кетдим. ИИБ тезкор гуруҳи съёмка қилганида 3-4 жойда қон доғларини кўрдим, лекин деворлар ёки бошқа жойларда кўрмадим», — дейди Қўнғирот МФЙ раиси Хуршид Ҳасанов.

Марҳумнинг уйи ва жиноят содир этилган хонадон ўзаро қўшни экан. Бир-бирига қарама қарши жойлашган. Шунинг учун ҳам ўша куни келган-кетганларни кўриб туришган. Нега бориб нима бўлганини сўрамагансиз деган саволимизга, марҳумнинг онаси Майсара Ғойибназарова қўшниларининг маҳалладагилар билан муносабатлари яхши эмаслигини, ўзлари бироз илиқ муносабатда бўлганини, воқеа содир бўлганида яқинлари келганлиги учун аралашмаганини таъкидлади. Биз борганимизда гумонланувчи ва оила аъзолари уйнинг деразаларини ҳамда дўконни эшигини суваб, кўчиб кетган экан. Шунинг учун улардан қўшимча маълумот олиш имкони бўлмади.

«2020 йил 9 декабрь куни туш пайти бирга овқатландик. Соат 2 ларда кўчага чиқиб кетди. 5 дан ўтиб Тиркаш акам Россиядан эшитиб менга хабар берди. Қиз бир марта қорнига пичоқ тиқиб олибди, деб айтди. Бирдан кўчага чиқдим. Чиқсам тумонат одам йиғилган, қўшнимизни дарвозаси ёпиқ экан. Дўкони орқали уйига кирдим. Кирсам Лобар, опаси Шоира ва қизи Р. уйни тўрида ўтирганакан. Тинчликми деб сўрадим. Ёнида иккита милиция боракан, уғлингизга кислород етмай қолади деб мени турткилаб чиқариб қўйди. Яна бир сўрасам осма қўйяпмиз деди. Соат 7 дан ўтгунига қадар эшикни ёнида кутиб ўтирдим. Турмуш ўртоғим тўшакда ётиб қолган. 7 дан ўтиб мени чақиртирганакан. Уйга кириб чиққунимча тез ёрдам машинасида олиб кетиб қолишибди. Ўша пайтда бир милиция келиб, ўғлимни жони аввалдан узилганини, тайёргарлигимизни кўришимизни айтди. Ҳаммамиз ҳанг-манг бўлиб қолдик», – дейди биз билан суҳбатда марҳумнинг онаси Майсара Ғойибназарова.

«Nasafnews» тўплаган маълумотга кўра, мазкур жиноят иши бўйича суд 2021 йил 7 сентябрь куни жиноий ишлар бўйича Қамаши туман суди Ф.Қамбарова раислигида ўтказилган. Суд жиноятни содир этганини тан олгани сабабли Жиноят кодексининг 98-моддаси билан 2003 йилда туғилдан қиз Р.Т.ни айбдор деб топди. Суд ишида тергов хулосаси деярли ўзгартиришсиз қайд этилган.

«Ушбу жиноий иш бўйича марҳумнинг яқинлари адвокатиман. Ушбу ишда ўз тасдиқларини топмаган ҳолатлар мавжуд. Шунинг учун 2-инстанция судига ариза киритмоқдамиз», – дейди адвокат Мўътабар Холисова.