2022 йил 7 июнда Вазирлар Маҳкамасининг «Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, ёшлар мурожаатларини ҳал этиш, талаба-ёшлар ўртасида интеллектуал ўйинлар ўтказиш каби йўналишларда кўплаб янгиликлар киритилган.
Шунингдек, қарорда «Ёшлар дафтари»га киритилган ва моддий аҳволи оғир ёшларга ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб ёрдам бериш банди ҳам алоҳида жой олган.
Ушбу қарорга мувофиқ, Ёшлар ишлар агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ўз расмий саҳифасида қуйидаги янгиликни эълон қилмоқда.
Унга кўра, моддий аҳволи оғир бўлган 30 ёшдан ошмаган бемор фуқароларга мамлакатда ёки хорижий давлатларда даволаниш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда (ҳозирда 15 000 000 сўм) субсидия ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қарор ижросини таъминлаш Ёшлар ишлар агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти зиммасига юклатилган.