35 та олийгоҳда биринчи курс талабалари учун ўқиш кредит-модуль тизимига ўтказилади

35 та олийгоҳда биринчи курс талабалари учун ўқиш кредит-модуль тизимига ўтказилади

Фото: ТДИУ

Аввал хабар қилганимиздек, президент Шавкат Мирзиёев 6 август куни жорий йилда олий таълим муассасаларига қабулни ташкил қилиш ва 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Унда таълим жараёнини сифатли ўқув ресурслари билан бойитиш учун салоҳиятли профессор-ўқитувчиларни жалб этиш муҳимлиги қайд этилди.

Президент тест синовларини кунига 2 марта стадионларда ўтказишга топшириқ берди (видео)

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 25 августгача барча 7 минг 200 дан зиёд фан бўйича назарий ва амалий машғулотларнинг рақамли услубий таъминотини ва масофавий таълимга мослаштирилган ўқув дастурларини яратиши белгиланди.

Камида 35 та давлат ОТМларида биринчи курс талабалари учун ўқиш кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади.

– Тараққий этган давлатлар тажрибаси таълим даргоҳларини замон талабларига мослаштирмасдан илмий ва технологик ютуқларга эришиш қийин бўлишини кўрсатмоқда, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Шу сабабдан жорий йилда нуфузли хорижий университетлар билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг камида 5 та олий таълим муассасаси трансформация қилинади. Бунда асосан тузилма ва ўқитиш технологиялари такомиллаштирилади, натижада улар замонавий таълим берадиган ва инновацияларни жорий қиладиган илмий даргоҳга айлантирилади.

Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари ректорлар билан мулоқотда бўлиб, улар айтган муаммоларни ҳал этиш ва таклифларини амалга ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.