4 синф ўқувчиси президентга очиқ хат ёзди

4 синф ўқувчиси президентга очиқ хат ёзди

Олмаота шаҳрида яшовчи 10 ёшли болакай Нурбакит Галимжан мамлакат президентига очиқ хат ёзди.

У президент Қосим-Жомарт Токаевдан кузги таътилларни узайтириб беришни, мактаб дастуридаги бир нечта фанларни олиб ташлашни ва бепул спорт машғулотлари ташкил қилиб беришни сўради, деб ёзмоқда Tengrinews.kz мухбири.

Боланинг онаси Алма Бериккалининг сўзларига кўра, ўғли кутилмаганда мамлакат президентига хат ёзмоқчи эканини айтган.

“Ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелевич, нима учун кузги таътил вақти жуда қисқа. Мактаб дастури ниҳоятда мураккаб. Шунингдек, унда бир қанча кераксиз фанлар мавжуд: Дуниетану (дунёни англаш), Озiн озi тану (ўзини ўзи англаш), Өлкетану (Ватанни англаш). Шунингдек, ўғил болалар кучли бўлишлари керак, улар бўлажак оталар. Ва оиланинг таянчи. Шу сабабли улар спорт сексияларига боришлари керак. Анави ортиқча фанлар бизнинг қимматли вақтимизни олмоқда. Шу туфайли биз мактабга боргимиз келмай қолган. Мактабимизда бепул спорт сексияси фаолият юритишини хоҳлардим. Қосим-Жомарт Кемелевич, умид қиламанки, сиз менинг хатимни жавобсиз қолдирмайсиз”, - деб ёзган Олмаотадаги 138 гимназиянинг 4 синф ўқувчиси Нурбакит Галимжан.

Онаси Алма Бериккали хатни Оқўрдага юбормаган, шунчаки ижтимоий тармоқларда улашган.