Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






5 та университет ҳузурида Педагогика институти ташкил этилди
27.02.2020 21:49,  
674

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди

Қарорга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тегишли ҳудудда 5 йил ишлаб бериш мажбурияти билан халқ таълими ва мактабгача таълим соҳаларида олий маълумотли педагог кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар бўйича давлат буюртмаси параметрларининг давлат гранти асосида ўқишга қабул кўрсаткичлари доирасида мақсадли қабул параметрлари шакллантирилади.

ОТМларда педагог кадрлар асосий ва қўшимча мутахассислик бўйича тайёрланади

Олий таълим муассасаларининг таклифлари асосида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлиқ таъминлаш мақсадида мазмун жиҳатидан ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш тизими йўлга қўйилади.

Талабаларга педагогик амалиёт даврида дарс бериш учун шароит яратилади

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда педагогик амалиёт даврида талабаларга дарс беришлари учун барча зарурий шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди. 

5 та университет ҳузурида Педагогика институти ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан республикадаги 5 та университет қошида Педагогика институтлари ташкил этилди. 

Жумладан, ҳудудларда педагогик таълим инфратузилмасини яхшилаш, таълим соҳаси учун мутахассис тайёрловчи олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш ва бошқарув фаолиятини такомиллаштириш мақсадида қуйидаги педагогика институтлари ташкил этилди:

- Самарқанд давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Самарқанд давлат университетининг Педагогика институти;

- Андижон давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Андижон давлат университетининг Педагогика институти;

- Бухоро давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Бухоро давлат университетининг Педагогика институти;

- Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали ва Термиз давлат университети педагогика таълим соҳасининг  бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Термиз давлат университетининг Педагогика институти;

- Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиали ва Қарши давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Қарши давлат университетининг Педагогика институти. 

Қўқон ва Чирчиқ давлат педагогика институтлари фаолияти такомиллаштирилади

Уч ой муддатда Қўқон давлат педагогика институти ва Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарорлари қабул қилинади.

ТДПУга педагогика бўйича илмий унвонлар бериш ҳуқуқи берилди

Тошкент давлат педагогика университетига мунтазам илмий-педагогик фаолият билан машғул бўлган, юқори малакали, тегишли соҳада чуқур касбий билим ва ютуқларга эришган ходимларга педагогика ва ўқитиш методикаси ихтисосликлари бўйича доцент ва профессор илмий унвонлари бериш ҳуқуқи берилди.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб педагогика таълим соҳасининг олтита таълим йўналишида ўқиш муддати уч йил этиб белгиланди

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб кадрлар тайёрлаш ўқиш муддати 3 йил бўлган бакалавриат таълим дастурлари асосида амалга ошириладиган педагогик таълим соҳасининг 6 та бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати тасдиқланди. Булар:

- Мусиқа таълими;
- Жисмоний маданият;
- Технологик таълим;
- Чақириққача ҳарбий таълим;
- Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси;
- Мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт.

Бунда Президент қарори билан Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг педагогик таълим соҳасининг айрим таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлашни ўқиш муддати 3 йил бўлган бакалавриат таълим дастурлари доирасида амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Янги ўқув йилидан ТДПУ кредит-модуль тизимига ўтади

Тошкент давлат педагогика университетида ўқув жараёни ўқув режа ва дастурлар такомиллаштирилган ҳолда таълимнинг кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади.

2020/2021 ўқув йилидан абитуриентлар педагогика соҳасининг тегишли таълим йўналишларида касбий (ижодий) имтиҳонлар билан бирга мажбурий учта фандан тест синовларини топширади 

Педагогик фаолиятда умумтаълим фанлари муҳим ўрин тутишини инобатга олган ҳолда алоҳида иқтидор талаб этиладиган педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш учун касбий (ижодий) имтиҳонлар билан биргаликда мажбурий учта – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича тест синовлари топшириш тартиби жорий қилинди. 

Бунда, қоида тариқасида, мажбурий учта фан бўйича тест синовлари касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари эълон қилинганидан сўнг ўтказилади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан