6 ойда 25 405 млрд. сўмлик товарлар биржа орқали сотилди

6 ойда 25 405 млрд. сўмлик товарлар биржа орқали сотилди

2020 йилнинг I ярим йиллик якунларига кўра “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ да тузилган битимларнинг умумий ҳажми 25 405,6 млрд сўмни ташкил қилди ва 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 22% га ўсди. Бу ҳақда биржа матбуот хизмати хабар бермоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 9 664,3 млрд сўмни ташкил этди. Шу жумладан, тадбиркорлар биржа орқали 6 552,5 млрд сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 3 111,8 млрд сўмлик маҳсулот сотдилар.

Биржа савдолари орқали 22 362,7 млрд сўмлик товарлар сотилиб, ўсиш 20,8% ни ташкил этди. Сотувчи корхоналар савдолар давомида реал бозор нархларининг шаклланиши эвазига 1 283,2 млрд сўмлик қўшимча даромад олишди ва бу 2019 йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 18,8% га кўпдир.

Биржа орқали 47,6 млн АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Шу жумладан биржа экспортининг таркибини полиэтилен (39%), ўсимлик ёғи (20%), пахта толаси (12%), нефть маҳсулотлари (12%), полипропилен (10%), суюлтирилган газ (4%), чорва учун емлар (3%) ва бошқа маҳсулотлар эгаллашди.

Шунингдек, биржанинг онлайн-аукционида 98,6 млрд сўмлик 24,8 мингдан зиёд авторақамлар сотилди ва уларнинг умумий қиймати ўтган йилнинг I ярим йиллигига нисбатан 36,3% га ўсди.