"670 минг сўм ойликни 9 ойдан бери ололмаяпмиз" - Қаршидаги теннис корт ишчилари президентга мурожаат йўллади (видео)

20 июль, душанба куни Қарши шаҳридаги марказий теннис кортининг бир гуруҳ ишчилари 9 ойдан бери ойлик маошини ололмаётгани ҳақида Президентга видеомурожаат йўллади. Мурожаат ижтимоий тармоқларда тарқалди.

 

Видеода айтилишича, ойлик маоши 670 минг сўмни ташкил қилган ишчилар шу маошни олиш учун қатор ташкилотларга мурожаат қилишган. Жумладан, Жисмоний тарбия ва спорт ишлари вазирлиги, вилоят ҳокимига (бир неча марта!) ҳамда Олий Мажлисга қадар мурожаат қилинган. Бироқ бу мурожаатлар натижасиз қолдирилган.

Давлат ташкилотлари орасидаги келишмовчиликлари туфайли ойлик маошлар кечиктирилган

Бугун, 21 июль куни қашқадарёлик Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарход Зайниев ушбу мурожаатга муносабат билдирди.

 Қарши шаҳар Марказий теннис корти 2019 йил июнь ойида вилоят Ихтисослаштирилган спорт ўйинлари ва енгил атлетика мактаби балансига ўтказилган. Маълум бўлишича теннис корт маъмурияти, вилоят Ихтисослаштирилган спорт ўйинлари ва енгил атлетика мактаби ва вилоят Молия бошқармаси ўртасидаги келишмовчилик оқибатида ишчиларнинг ойлик маошлари кечиктирилган (нақд 9 ойга).

"Мурожаат юзасидан боғланганимизда мутасаддилар томонидан ишчиларнинг ойлик маошлари жорий йилнинг 1 августига қадар тўлиқ хисоб-китоб қилиниши билдирилди, ҳамда ушбу мурожаатнинг ижроси тегишли тартибда назоратга олинди", - дея сўзларини якунлади депутат.