7 та туман ҳокими ва уларнинг ўринбосарлари мукофотланди, 12 нафар ҳоким эса огоҳлантирилди

7 та туман ҳокими ва уларнинг ўринбосарлари мукофотланди, 12 нафар ҳоким эса огоҳлантирилди

Ҳукуматнинг тегишли фармойиши (421-Ф, 17.09.2020й) билан, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръатларини таъминлагани учун қуйидаги туман ҳокимлари ҳамда уларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилди:

  • - Андижон вилоятининг Избоскан ва Қўрғонтепа туманлари;
  • - Бухоро вилоятининг Ромитан тумани;
  • - Наманган вилоятининг Норин тумани;
  • - Сурхондарё вилоятининг Музработ ва Қумқўрғон туманлари;
  • - Хоразм вилоятининг Янгибозор тумани.

ЎзАнинг хабар беришича, ушбу туманлар ҳокимлари 10 млн сўм миқдорида, уларнинг биринчи ўринбосарлари 8 млн сўм миқдорида пул мукофоти оладиган бўлди. Мазкур рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Шунингдек, мазкур фармойиш билан 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўтган йилга нисбатан ўсиш суръатлари таъминланмаганлиги учун қуйидаги туманлар ҳокимлари огоҳлантирилди, уларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарларига эса ҳайфсан берилди:

  • - Бухоро вилоятининг Бухоро ва Жондор туманлари;
  • - Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани;
  • - Қашқадарё вилоятининг Қарши тумани;
  • - Самарқанд вилоятининг Булунғур, Самарқанд ва Жомбой туманлари;
  • - Тошкент вилоятининг Чиноз ва Ўрта Чирчиқ туманлари;
  • - Фарғона вилоятининг Данғара, Риштон ва Ёзёвон туманлари.

2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари якунларига кўра саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари асосида юқоридаги рўйхатда қайд этилган туман ҳокимлари ҳамда уларнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари фаолиятига баҳо бериш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чоралари қўлланиши белгиланди.