Маиший зўравонликлар дунё иқтисодиётига 8 триллион долларга тушади, дея ёзади Италиянинг “Corriere Della Sera” нашри. Оксфорд ва Стэнфорд университетлари олимлари Анке Хоффлер ва Жеймс Ферон ана шундай хулосага келишган. Улар ўз тадқиқотида нафақат номоддий оқибатлар (изтироб ва азиятлар), балки маиший зўравонлик оқибатларини даволаш ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун сарфланадиган маблағларни ҳам ҳисобга олишган.
Олимлар айниқса аёллар ва болаларга нисбатан маиший зўравонлик кўлами жиддий эканини таъкидлашмоқда: бу ҳолат урушдагидан ҳам кўпроқ қурбонларга сабаб бўлмоқда ва йилига 8 миллиард долларга тушмоқда. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, жанг майдонида ҳалок бўлган бир кишига маиший зўравонлик туфайли қурбон тўққиз киши тўғри келади. Бундай зўравонликларнинг янада аниқроқ “қиймати” – йилига 9,5 триллион доллар, бу дунё ялпи ички маҳсулотининг 11,2 фоизига тенг. Бу рақам жуда катта, аммо тадқиқотчилар аслида яна ҳам каттароқ бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.
Шунингдек, улар бошқа ҳолатнинг “қиймати”ни ҳисоблаб чиқишди: фуқаролик урушлари учун бир йиллик бевосита ва билвосита харажатлар тахминан 170 миллиард долларни ташкил этади. Қотилликлар эса йилига 650 миллион долларга тушади. “Копенгаген консесуси” маркази директори Бьорн Ломборг шундай дейди: “Маиший зўравонликлар билан боғлиқ ҳолат автоҳалокатлар ва авиаҳалокатларни эслатади. Автоҳалокатлар қурбонлари сони кўпроқ бўлса-да, айнан авиаҳалокатларга катта эътибор қаратилади. Мана, маиший зўравонликларнинг иқтисодий оқибатларига ҳам баҳо берилди, энди мазкур муаммога самарали ечим топиш учун тўғри йўналишда илдамламоқ зарур”. Ломборг бошчилик қиладиган марказда элликдан зиёд иқтисодчилар меҳнат қилади, улар орасида уч нафар Нобель мукофоти совриндорлари ҳам бор. “Копенгаген консесуси” иқлим ўзгаришлари ёки безгак тарқалиши каби глобал таҳдидлар хавфини камайтириш мақсадида таҳлил қилиш ва махсус стратегиялар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Марказ мутахассисларининг фикрича, БМТ 2030 йилгача бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар сирасига жисмоний жазога асосланган таълим усуллари ва аёлларга нисбатан маиший зўравонликка қарши курашни ҳам киритиши лозим.
Тадқиқотчиларнинг айрим ҳисоб-китоблари АҚШдан олинган маълумотларга асосланган. Бу ерда бир қотиллик йилига 9,1 миллион долларга тушар экан, бунга суд жараёнлари ва бошқа харажатлар учун сарфланадиган пуллар киритилган. Олимлар бошқа давлатлар учун ЯИМ нисбатини қўллашди: ЯИМи АҚШ ЯИМининг ўндан бирига тенг бўлган мамлакатда одамнинг ҳаёти 910 минг долларга тенг.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, аёл ёки болага нисбатан ўлимга олиб келмайдиган шафқатсиз муносабат 95 минг долларга тушади. Вояга етмаганларни дўппослаш учун кетган тиббий харажатлар ўзига тўқ давлатларда ЯИМнинг 1,9 фоизини, Африка мамлакатларида эса 19 фоизгачани ташкил этади. Канадада ўтказилган бошқа тадқиқот ҳам зўравонликнинг катта зарар етказишини тасдиқлади. Уйда ва уйдан ташқарида аёлга нисбатан қилинган шафқатсизлик натижасида давлат “қўшимча хизматлар” – полиция аралашуви, суд тизими харажатлари, жабрдийдага психологик ёрдам учун давлат бир йилда бир миллиард Канада доллари сарфлар экан. АҚШда шу мақсадларда 5-10 миллиард доллар сарфланади.