92 ёшли кўзи ожиз ногиронга виртуал қабулхона кредит олиб тадбиркор бўлишни таклиф қилди

92 ёшли кўзи ожиз ногиронга виртуал қабулхона кредит олиб тадбиркор бўлишни таклиф қилди

Ногиронлиги бор шахслар дарди...

- Қаерда юрибсиз ўғлим? Сизни неча кундан бери кутаман. Маниям дардимни чиқарасизми?
- Нима бўлди, отахон? Тинчликми?
- Мен Қосимов Ўрмонжонман, Мискин маҳалласидан. Тадбиркор кўчаси 33-уйда тураман. Ёшим 92 да, кўзим ожиз, сиз билан бир гаплашай деб келдим. 1-гуруҳ ногирониман. Оилам, фарзандларим йўқ. Укам 74 ёшда. Укам 2-гуруҳ ногирони, аёли ҳам 2-гуруҳ ногирони. Укамнинг 2 нафар қизи бор. Ҳаммамиз бир хонадонда яшаймиз. Ногиронлар хонадони-да энди, болам.
- Худо қувват берсин, ота.
- Илоҳим. Ишга яроқсизмиз. Уй-жойларни яхшилаш учун катталарга мурожаат қилдим. Президентнинг виртуал қабулхонасигаям бордим. Ҳеч қандай натижа йўқ. Сизни суриштириб келдим. Интернетингизда чиқарсангиз Президент ўқир экан. Зора, дардимни ёзсангиз-у, Президентни одамлари уйимизни сал тўғрилаб беришса...
- Мурожаат қилибсиз, нима деб жавоб беришди? Ёрдам беришдими?
- Мен кўрман, 1-гуруҳ ногирониман, оилам ногирон деб турибман, улар менга кредит олиб савдо қил дейишяпти. Мен қандай савдо қиламан ахир?
- Шуни интернетда чиқарсам бўлдими, ота?
- Ҳа, бўлди. Шунга келдим ўзи.
- Хоп, ота. Дардингизни чиқараман. Лекин фойда берадими-йўқми билмадим.
- Сиз чиқароврингчи, Президент эшитиб қолар. Агар шундаям фойда бўлмаса, хафа бўлмайман. Дуо қилиб юровраман, - деб узоқ дуо қилди.
....................................
Кўнглим ғалати бўлди... Мазлумларнинг дуоси билан тирик юргандирман балки?.. Бу дунёга дард эшитиш учун келганмикинман ёки? Менинг ҳаётдаги вазифам нима ўзи? Эҳ, майли, чалғимаймиз.
Хуллас, гувоҳсизлар, отанинг дардини чиқариб, бўйнимдан соқит қилдим. Агар Президент ўқиса, ўқигани учун раҳмат!

(асосий фотосуратнинг хабарга алоқаси йўқ)