Абдулла Арипов ўз вақтида сув етказиб бергани учун Тожикистонга миннатдорчилик билдирди

Абдулла Арипов ўз вақтида сув етказиб бергани учун Тожикистонга миннатдорчилик билдирди

Фото: ЎзА

2020 йил 29 сентябрь куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашди.

Ўзбекистон Бош вазири тожикистонлик ҳамкасбига илиқ ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ушбу учрашув ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш учун қулай имконият эканини қайд этди.

«Дарё» мухбирининг хабар беришича, ҳар икки давлатнинг ҳукумат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган учрашув давомида Абдулла Арипов иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқалар борасида сўз юритди.

«Биздаги статистикага кўра, сўнгги уч йилда ҳар икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари 2,5 баробарга юқорилади. Ўзбекистоннинг Тожикистонга экспорти 2,1 баробарга ошган бўлса, Тожикистон экспорти қарийб 5 баробар ортди. Бундан келиб чиқадики, бизнинг муносабатларимиз фақат бир томонлама манфаатли ҳамкорлик эмас, балки ҳар икки томонга наф келтиради.

2020 йилда пандемия туфайли Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш пасайди, аммо фақат Тожикистон билан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,3 фоизга ошиб, 317 миллион долларни ташкил этди.

Яқин йилларда олдимизга қўйилган вазифа — ўзаро товар айланмасини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш имкониятига эгамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, 2020 йилда сув танқис бўлишига қарамасдан, қўшимча сув етказиб берганингиз учун Тожикистон томонига алоҳида миннатдорлик билдирамиз.

Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда, хусусан, илмий марказлар ўртасида тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан, навбатдаги ишчи гуруҳ йиғилишини Тошкентда ўтказишни таклиф қиламиз.

Тожикистонда Ўзбекистон қуриб берган 630 ўринли мактаб очилди (фотожамланма)

Пандемия вақтида бир биримизни қўллаб-қувватлаганимиз ҳамкорликнинг қай даражада мустаҳкам эканини билдиради. Ўзбекистон бу ҳамкорликни давом эттиришга тайёр», — деди Абдулла Арипов.

Ўз навбатида Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода ҳам ташриф учун Ўзбекистон ҳукумати раҳбарига миннатдорчилик билдирди.

«Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ечимини топмаган масала қолмади. Ҳурматли Абдулла Ниғматович, ушбу мажлис ташкил этилгани ва ундаги иштирокингиз учун сизга миннатдорчилик билдираман.

Мажлис давомида қабул қилинган қарорлар икки томонлама бажарилишига ишонаман», — деди Қоҳир Расулзода.