Абдулла Арипов Сўхдаги можаро юзасидан Қирғизистон ҳукумати вакили билан учрашади

Абдулла Арипов Сўхдаги можаро юзасидан Қирғизистон ҳукумати вакили билан учрашади

Қирғизистон бош вазирнинг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов Боткен вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда бугун, 1 июнь куни ҳукумат аппаратининг ахборот таъминоти бўлими маълум қилган.

Аниқлик киритилишича, Боронов Боткен вилоятининг Қадамжой туманига етиб борган. У Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов билан учрашув ўтказади ва у билан икки мамлакатнинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида рўй берган можарони муҳокама қилади.

Шунингдек, Боронов ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва маҳаллий ҳокимият вакиллари билан тезкор учрашув ўтказади.

Бугунги кунда, ҳукумат маълумотларига кўра, вазиятга ечим топилди. Расмийлар хавфсизлик чораларини кучайтирган. Тегишли органлар маҳаллий аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида жойлашган Чашма булоғи олдида икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддият келиб чиқди.

Қирғизистоннинг Боткен вилоятига туташ, Фарғона вилояти таркибидаги Сўх туманида жойлашган Чашма қишлоғида сув учун катта жанжал рўй берган. Икки қишлоқ аҳолиси булоқ ўзига тегишли эканини даъво қила бошлаган.

Интернетда тарқалган видеоларда томонлар бир-бирини тошбўрон қилгани, чегара сим тўсиқларини кўчириб олишга уринганини кўриш мумкин.

ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизмати ушбу ҳодиса бўйича муносабат билдирди.