Абдулла Арипов Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди (видео+фото)

Абдулла Арипов Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди (видео+фото)

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрига ташрифи давомида мазкур мамлакат президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Тожикистон президентига қабул учун миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва тилакларини етказди.

Эмомали Раҳмон, ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти номига ўзининг саломи ва эзгу тилакларини билдириб, олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишда ҳукуматлараро комиссия фаолияти муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда бошқа етакчи соҳалардаги ҳамкорлик йилдан йилга ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Хусусан, биргина Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, сентябрь ойининг ўзида Душанбе шаҳрида таниқли олимлар, тадқиқотчилар ва етакчи экспертлар иштирокида илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Ўзбекистон—Тожикистон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ишчи йиғилиши ўтказилди. Сўғд вилоятининг Спитамен туманида Ўзбекистон томонидан 630 ўқувчига мўлжалланган умумий ўрта таълим мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ушбу қатор соҳаларни қамраб олган тадбирлар ўзаро алоқаларни мазмунан янада бойитгани қайд этилди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида мамлакатлар ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилишида иштирок этиш учун 2020 йил 29 сентябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф давомида Абдулла Арипов Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода билан ҳам учрашди.