Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Абдуллаҳ Эрен: “Ўзбекистонликларга Туркия университетларида бепул ўқиш учун грантлар миқдорини уч бараваргача оширмоқчимиз”
13.11.2019 16:01,  
684

Туркия Республикасининг хориждаги фуқаролари ҳамда қардош халқлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган “Хориждаги турклар ва қардош халқлар бошқармаси”нинг (YTB) раҳбари Абдуллаҳ Эрен бир қатор амалий учрашувларни ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ушбу ташриф доирасида журналистлар билан тор доирада учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Sof.uz муҳаррири иштирок этди.

Жаноб Эрен Ўзбекистонга ташрифи сабабларии ҳақида ҳамда “Хориждаги турклар ва қардош халқлар бошқармаси” фаолияти тўғрисида журналистларга сўзлаб берди. “Ташкилотимиз асосан 3 йўналишда фаолият кўрсатади: Туркия ташқарисидаги турк диаспораси билан алоқаларни мустаҳкамлаш; қардош халқлар билан муносабатларни кенгайтириш; халқаро талабаларни Туркияда давлат гранти асосида ўқитиш. Ҳозирда Туркияда 170000 хорижий талабалар бўлса, ундан 17000 талаба бизнинг грантимиз асосида бепул таълим олмоқда” деди Абдуллаҳ Эрен.

“Хориждаги турклар ва қардош халқлар бошқармаси” раҳбари икки халқ ўртасидаги таълим ва маданият соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистонда бир неча ташкилотлар билан музокаралар олиб борганини маълум қилди. Жумладан, жаноб Эрен Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов билан учрашди. Вазир билан мулоқот давомида Ўзбекистондан Туркияга муҳандислик йўналишида талабаларни кўпроқ жўнатишга келишиб олинди.

Шунингдек, жаноб Эрен Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Фанлар академияси, “Эл-юрт умиди” фонди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбарлари билан ўзаро алоқалар юзасидан мулоқот қилди. Ўзбекистон Миллий университети, Шарқшунослик институти, Ўзбек тили ва адабиёти университетида талабалар билан учрашиб, Туркия давлат стипендияси ҳақида таништирди.

— Туркиядаги ўзбекистонлик талабалар сони қанча? Улардан нечтаси YTB гранти асосида таълим олади?

— Ҳозирда Туркияда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар сони 1000 дан ошади. 10 йил ичида Туркия давлат стипендияси асосида таълим олган талабаларнинг умумий сони 150 киши. Бу жуда кам.

— Бу йил Туркия давлат стипендияси учун топширган ўзбекистонликлар сони қанча бўлди?

— Бу йил Туркия давлат стипендияси учун 169 ўлкадан жами 150 000 киши ҳужжат топширди. Ўзбекистондан топширганлар сони 500 га яқин. Бу жуда оз. Масалан, Қозоғистондан 5000, Афғонистондан 15000 киши ҳужжат топширган. Мурожаат этувчилар сони қанчалик кўпайса, грант соҳиблари ҳам шу қадар кўп бўлади.

Туркияда ҳозирда ўқиётган ўзбек талабаларини ҳам қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз. Дарвоқе, Туркия университетларини битирган талабалар ташкилотининг раҳбари Эргаш Жумаев ҳам ўзбекистонлик. Айниқса, илмий тадқиқот олиб бораётган ёшлар учун Туркияда етарли шароит яратиш ниятидамиз. Шу йилнинг ўзидаёқ ўзбекистонликларга Туркия университетларида бепул ўқиш учун грантлар миқдорини уч бараваргача оширишни режалаштирганмиз.

— Туркия давлат стипендия асосида таълим олаётган талабаларнинг энг кўпи қайси давлатлардан?

— Озарбайжон, Сурия (сўнгги йиллардаги воқеалар сабаб) ва Афғонистон талабалари кўпчиликни ташкил этади.

— Туркия давлат стипендияси асосида таълимни тамомлаганлар учун қандай талаблар қўйилади?

— Биз таълимни тамомлаган талабалар ватанларига қайтиб, мамлакатнинг ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшишини истаймиз. Қайтиш билетини ҳам олиб берамиз. Талабадан ўқишни тамомлагандан сўнг 6 ой давомида ўз юртига қайтиши ҳақида тилхат оламиз. “Юксалиш” ҳаракати билан гаплашганимда улар ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлашди.

— Туркия университетларининг Ўзбекистонда очилиши борасида қандай янгиликлар бор?

— Бу бизнинг ташкилотимиз ваколатига кирмайди. Ўзбекистонда Россия, Англия, Жанубий Кореянинг бир нечта университетлари филиаллари очилганидан хабардор бўлдим. Туркияга қайтганимдан сўнг бу вазифа билан шуғулланадиган ташкилотларга кеч қолмасдан Ўзбекистонда университет очиш имконлари ҳақида сўзлайман.

— Етакчи ғарб оммавий ахборот воситалари томонидан Хитойнинг Шарқий Туркистон бўлгасида зулм остида яшаётган уйғурларга дастак бериш мақсадида сиз бошқараётган ташкилот қандай ишларни амалга оширмоқда?

— Биз кўп йиллардан бери Шарқий Туркистондаги уйғурларга давлат стипедияларини ажратдик. Аммо сўнгги йилларда алоқа узилиб қолди. У ердан талабалар келишмаяпти, биз ҳам боролмаяпмиз. Лекин дунёдаги уйғур диаспораларига дастак беришда давом этяпмиз. Шарқий Туркистондан ташқаридаги уйғурлар учун таълим ва маданий тадбирларни амалга оширяпмиз. Яқинда Қозоғистонда яшаётган уйғурларнинг номоддий меросини тўплаб, нашр этдик.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан