Абитуриентлар диққатига: сиз учун жорий йилда 10 та қулайлик яратилди

Абитуриентлар диққатига: сиз учун жорий йилда 10 та қулайлик яратилди

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бугун, 15 июндан, олий таълим масканларига абитуриентлардан ҳужжат олиш бошлангани муносабати билан абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат қилди.

Абдуҳакимов Фейсбукдаги саҳифасида 2019-2020 йилги қабулда абитуриентлар учун кўплаб янги қулайликлар яратилгани ҳақида сўзлаган.

Хусусан, қатор янги олий ўқув даргоҳлари - 8та хорижий ва 8та маҳаллий ОТМлар ўз фаолиятини бошлаб юборганини айтган.

Иккинчи янгилик, ОТМларга қабул квоталари 20%га оширилган ва жорий ўқув йилида олий таълим масканлари 120 мингдан зиёд абитуриентларни талабалар сафига қабул қилиш имконига эга бўлди.

Учинчидан, жорий йилда "Амалий космик технологиялар", "Рақамли иқтисодиёт", "Технологик таълим", "Мактабгача таълимда педагогика ва психология", "Гидлик хизмати ва таржимонлик фаолияти", "Электрон тижорат", "Мактаблар менежменти" ва бошқа кўплаб янги, замонавий соҳалар бўйича ўқув йўналишлари очилган.

ОТМларга ҳужжат топширган абитуриентлар бир йўла уч йўналишда ўз билими кучини синаб кўришлари мумкин.

Тўртинчидан, CEFR тизими бўйича, ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўлмиш IELTS, TOEFL, JLPT, DSD, DELF сертификатларига эга абитуриентлар чет тили имтиҳонларидан озод этилади, ва уларга энг юқори балл қўйилади.

Бешинчидан: кириш имтиҳонлари июль-август ойлари давамида ўтказилади ва бу абитуриентларга ортиқча навбатларсиз имтиҳонда иштирок этиш учун қулай шароит яратади.

Олтинчидан: ўтган йилги эътироз ва таклифлардан сўнг Қуролли Кучлар сафида хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмлардан тавсияномаларга эга бўлган абитуриентлар учун асосий квоталарга қўшимча тарзда алоҳида квоталар ажратилмоқда.

Еттинчидан, тажриба тариқасида 5 та олий таълим масканларида абитуриентлар Давлат хизматлари маркази ёки Интерактик давлат хизматлари ягона портали орқали ҳужжат топширишлари мумкин (исталган ҳудуддан онлайн-режимда), ва Адлия вазирлиги туфайли бу хизмат бепул амалга ошириладиган бўлди.

Саккизинчидан, тест синовларида қатнашаётган ўтган йилларда таълим даргоҳларини битирган абитуриентлардан ярим ЭКИҲ миқдорида тўлов олинади. Ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотида бўлган шахслар тўловдан озод этилган.

Тўққизинчидан: бўлғуси талабаларга улар иродасига қараб, контракт тўловини стипендия билан ёки стипендиясиз бўлган кўринишда танлаб олиш ҳуқуқи берилади.

Ўнинчидан: бакалаврликни тамомлаган битирувчилар магистратура йўналишида ўз соҳасига алоқаси бўлмаган йўналишларга ҳам ҳужжат топширишлари мумкин.

Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, жорий йилда ҳам тест синовлари адолатли ва шаффоф ўтиши таъминланади. Бунинг учун барча шарт-шароитларга эга қулай майдонлар тайёр ҳолатга келтирилган, тест синовлари ўтадиган майдонлар салқин бўлади. Улар видеокамералар билан жиҳозланган.

Тест синовлари ўтказиладиган жараён ҳар куни катта мониторларда трансляция қилинади ва телевидение орқали онлайн-намойиш этилади.