Адабиёт, адиб ва муддао

Адабиёт, адиб ва муддао

Фото: ziyouz.uz

Адабиёт инсонларнинг, аввало, ўзини англашга бўлган эҳтиёжидир.
 
Қамоқда менда мана бундай савол туғилган эди: "Қуръон ва ҳадисда инсонларга тегишли барча ҳақиқатлар баён этилган бўлса, менга адабиёт нима учун керак?" Шу нуқтадан бошлаб, бу масалада кўп мулоҳаза юритдим. 

Бадиий асарларни ўқишим, таҳлил этишим менинг динимга, дунё ва охиратимга манфаат келтирадими? Бу борада шу қадар чуқурлашдимки, адабиётни кераксиз матоҳ деб ўйлай бошладим. 

Биз адабиётни тарбия воситаси деган қатъий қоидага суяниб қолдик, мен эса атрофимдаги жиноятчиларга боқиб бирор адабиёт уларни ҳеч қачон тарбиялай олмаслигига амин эдим.
Ашаддий жиноятчилар, қотиллар, зўравонлар, талончилар, фирибгарлар, ўн йиллаб умрини биргина камерада ўтказган инсонлар жаҳон адабиётининг сара дурдоналарини мутолаа этишарди. Бироқ уларнинг маънавий олами жирканчлигича қолган бўлиб, адабиёт унга ҳеч қандай гўзаллик бахш этмаганди.

Шундай қилиб, мен учун "адабиёт - тарбиячи" деган қоида сафсатага айланди.

Инсонларни тарбиялаши лозим бўлган, биз шу кеча-кундузда ўқиб турган адабиётнинг катта қисми, аслида, бетарбия одамлар томонидан бунёд этилганлиги юқоридаги қоиданинг нақадар ҳақиқатдан йироқлигини тасдиқлайди.

Тарбиянинг моҳияти ҳидоятдир. Ҳидоят эса Аллоҳдан. Хулоса этдимки, ориф инсон учун адабиёт сунъий бир атама бўлиб, орифлар қалбида адабиётга эҳтиёж бўлмайди, улар Қуръон ва ҳадисдан ўзгасига вақт ажратмайдилар. 

Орифларнинг шундай сўзлари бўладики, адабиёт аҳли бу сўзнинг фасоҳати ва маъносига тан беради. Бу сўзни адабий асар деб тамсил этадилар. Ҳолбуки, ориф кишининг бу билан иши йўқдир. 

Одам Аллоҳга яқинлиги билан мақомга эришади. Аллоҳга энг яқин зотлар энг юксак мақомдадирлар. Бу алоҳида масала. Гап шундаки, адабиёт Аллоҳни таниш йўлидаги энг биринчи босқич ёки Аллоҳни танишга бўлган фитрат эҳтиёжидир. 

Сўзни тушуниш - Аллоҳ берган ноёб салоҳиятдир. Бундай салоҳиятли одамларнинг аксари доимо ҳақиқат йўлида бедордирлар. 

Улар оламга боқиб, бошқалар илғамаётган нарсаларни илғайдилар ва ёзалар. Шу билан маърифатга биринчи қадамни босадилар. (Бу ерда маърифат деганда Аллоҳни таниш маъносини назарда тутяпман - Акром Малик)

Аммо жуда катта қисм адиблар шу даражадан юкорига юксалмайдилар. Ёзиш уларнинг ягона мақсадига айланади. Улар инсоннинг турфа қирраларини қаламга олишади. Уни ўқиганлар ҳам маърифатнинг илк босқичи кишиларидир. 

Бадиий асарда инсоннинг руҳий изтироблари, инсоннинг тақдир қўлида заифлиги; жамият фожиаси, ижтимоий-сиёсий эврилишлар, тарихий силкинишлар; туганмас қайғу, ҳаётдаги даҳшатли маънисизликлар акс этиши мумкин. 

Китобхон ўз оламидан китобдаги оламга кўчиб ўтиши ҳам мумкин. Китобхон китобда ўз фожиасини кўриб, ана шундан лаззат олиши ҳам мумкин. Адабиётшунос китобни минг чиғириққа солиб таҳлил этиши ҳам мумкин - бундан қандай наф? 

Мен учун бу жараёнларнинг ҳаммаси бир жойда депсиниш ёхуд ўргимчак тўрида ўралиб ётишдир. 
Лекин муҳим икки нуқтани унутмаслик керак эди ва мен буни унутмадим: биринчидан, адабиёт инсоннинг ўзини англаш эҳтиёжидан туғиладиган ҳодисадир; иккинчидан, адабиёт ҳақиқатни ҳам, ёлғонни ҳам етказишдаги муҳим воситадир.

Улкан адиблар, ориф қалбли ижодкорлар буни яхши билишган. Шунинг учун уларнинг асарлари Мутлақ Ҳақиқат - Қуръон ва ҳадисга етакловчи йўл ёхуд ҳидоятга чорловчи даъватдир. 

Шайтон измидаги ёзувчи ва шоирларнинг китоблари шайтон васвасасидан бошқа нарса эмас. 
Туркий адабиёт намояндаларидан Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Сўфи Оллоёр, Ҳувайдо каби шоирлар ўз асарлари воситасида одамларга Ҳақни танитишни қасд этишган. Улар, албатта, асарларининг муқаддимасида ўз ниятларини аниқ билдиришган. 

Масалан, Алишер Навоийнинг "Хамса"си, ундаги "Фарҳод ва Ширин" достонида ижтимоий ёки сиёсий ҳаёт, халқнинг маиший турмушидаги муаммоларни ёритиш мақсади йўқ, "Хамса"нинг беш достонида тасаввуфдаги мусулмон Аллоҳни қандай руҳоний тарбия ва йўллар ила таниши рамзий услубда тушунтирилган.

Шунинг учун, асарга муносабат билдиришда шоирнинг муддаосини унутмаслик лозим. 

Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи ҳам ўз йўналиши ва аниқ мақсадига эга асарлардан биридир. Асарда адиб икки оила орасидаги (Юсуфбек ҳожи ва Мирзакарим қутидор оиласи) муаммо ва муносабатларни кўрсатиш орқали халқимиз ҳаётидаги фожиани англатган.  Романда барча тасвирлар реал чизилган. Бугун ҳам у асарда замонавий турмушимиз ҳақиқатларини топа оламиз. 

Китобхон ўлароқ бир китобни ўқишга киришар эканмиз, асарнинг мақсад-муддаосини аниқлаб олиш муҳимдир. Адибнинг айтаётган Сўзи муносабатимизни белгилайди. Адибнинг мақсадини тушуна олмасак, уни инкор ёки қабул қилиш масаласида сукут сақлаш керак. Аҳамиятли бўлса, асардан қандай мақсад кўзланганини аниқланг. 

Башарти, беҳад моҳирона ёзилган асарда бирор ғоя йўқ, ғоясизлик унинг ғоясидир дейишса, уни тарк этинг. 

Ғоясизлик ғояси шайтоннинг йўли бўлиб, унинг асоси тушкунлик ва куфр ҳалокатидир.

2020 йил, 8 май


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.