Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






АДАБИЁТимиздан қўлингизни тортинг!
19.09.2019 16:54,  
1092

АДАБИЁТ – МИЛЛАТ ОБРЎСИ

«Миллатнинг обрўси унинг адабиётига боғлиқ. Адабиёти паст савияда бўлган миллатнинг бошқа халқлар назарида обрўси ҳам, эътибори ҳам бўлмайди», деб ёзган эди Фарғона жадидларидан Ашурали Зоҳидий «Туркистон вилояти газети»да чоп этилган мақоласида. Кўринадики, зиёлиларимиз бундан бир аср аввал адабиёт масаласини ҳаёт-мамот масаласи деб ҳисоблаган эдилар.

Йиллар давомида адабиёт ўзгаради, янгиланади, аммо унинг вазифаси – одоб-ахлоққа, маънавиятга хизмат ўзгармайди. Бугунги ўзбек адабиёти ҳар жиҳатдан баркамол адабиёт бўлмоғи шарт. Атоқли адабиётшунос олим ва адиб Озод Шарафиддинов таъкидлаб айтганларидек, «...Адабиётимизни ташкил қилувчи ҳар битта асарнинг баҳоси тиллоларга тенг бўлсин. Бу адабиётда сийқа, олди-қочди, ўртамиёна асарларга мутлақо ўрин бўлмаслиги лозим. Албатта, бунинг «лозимлиги»ни ҳамма тушунадию, лекин ҳамма ҳам бунга амал қилавермайди. Масъулиятнинг бир қисми кўра-била туриб ҳам маънисиз асарларни чоп этувчи ноширлар зиммасига, адабиёт рўзғорини қаровсиз ташлаб қўйган адабиётшунослар устига тушади. Қолаверса, ўзини маънавият, маърифат ва мафкура ишларига дахлдор, деб билган, унинг нонини еяётган ҳар бир зиёли одам юрт адабиётининг шавкатини юксак сақлаш тўғрисида муттасил қайғурмоғи керак. Модомики, ана шундай муҳим масала тўғрисида гап кетар экан, ҳар қандай паст-баланд андишаларни йиғиштириб қўйиб, ўз мулоҳазаларимизни ошкора айтмоғимиз ҳам фарз, ҳам қарз!».

Миллий маънавиятни бузадиган адабиёт – асло адабиёт эмас, маънавияткушларнинг қўлидаги қуролдир. Сийқа тасвирлар, фаҳш саҳналар, ёлғон тўқималар, зўрлик-зўравонликка тўла лавҳалар, ҳаётийликдан йироқ, ақлни ўтмаслаштирувчи воқеликлар ботқоғига айланган «асар»лар келтирадиган маънавий зарар инсониятга қирғин қуроллари келтирадиган зарардан кўп бўлса кўпки, кам эмас. Уларни «янги давр адабиёти» деган ном остига тиркаб, бу «асар»ларни ёзгувчиларни янги адабий воқелик яратувчилари сифатида оқлаш ва ёқлаш - бориб турган билимсизлик, миллат маънавиятига ва айтиш жоиз бўлса, юртга хиёнат бўлади. Чунки адабиёт инсоннинг онг ости туйғуларидан тортиб унинг дунёқарашига, фикрлаш тарзига, кайфиятига ва атроф-муҳитга бўлган муносабатига қадар таъсир қила олади. Миллатнинг, айниқса ёшларнинг бугунги эстетик диди ва савияси, кайфияти, фикрлаш тарзи миллат келажагини белгилаши ҳисобга олинса, адабиётнинг бузилишига эътиборсизлик қанчалик аянчли оқибатларга олиб келишини англаш қийин эмас.

«...ДОШ»ЛИКЛАР ҲИМОЯСИ ОРТИДА

«Биз барча олтинларимизни, моддий бойликларимизни кишилар онгини ўзгартиришга йўналтирамиз, - деган эди босқинчилик тарафдорларидан бўлган сиёсатшунос Аллен Даллес. - Инсонлар онгида бошбошдоқлик уруғларини сепиб, уларнинг қадриятларини сохта қадриятларга алмаштириб қўямиз ҳамда бу сохта қадриятларга ишонтиришга киришамиз. Аста-секин бутун бир халқнинг ҳалокати, ўзликни англашнинг йўқолишига гувоҳ бўламиз. Чунки биз бу халқнинг маънавий илдизларини қўпориб ташлаган бўламиз...» (В.Лисичкин, Л.Шелепин. «Третья мировая информационно-психологическая война», Москва, 1999).

Бугун психологик хуружлар ҳар қандай миллатнинг маънавият сарҳадларини бузиб ўтмоқда десак, янглишмаймиз. Хўш, ўзимизда аҳвол қандай?

Ҳар қандай соҳада диди баланд халқмиз. Мумтоз адабиётимизга дунё мафтун. Классик шоирларимиздан бири: «Агар бир йилда иккитагина яхши шеър ёзсам, ўз ижодимни ғоятда самарали санар эдим. Чунки қирқ йил давомида саксонта яхши шеър ёзган бўламан. Аммо бу жуда маҳолдир», деб ёзиб қолдирган эди. Бугун бир ҳафтада бутун бошли романлар ёзаётган баъзи серэҳтирос ёзгувчиларнинг ўзбек адабиёти савиясини туширишга хизмат қилаётганлари ва бу йўлда ўзларига анча-мунча хайрихоҳ орттираётганлари бор гап. Аммо муаммо бу ёзгувчиларнинг адабиётимизни сийқалаштираётганида ҳам эмас, асосий муаммо - улар яратиб қўяётган «адабиёт»даги психологик тажовузларнинг омма руҳиятини издан чиқаришга қаратилганидадир.

Ёзувчи асар ёзар экан, ижод давомида ўша асар дунёсида яшайди: қаҳрамонлари билан бирга кулади, бирга йиғлайди, бирга енгилади, бирга енгади... Бу қайсидир маънода транс ҳолатига ўхшайди. Энди адабиётнинг бу қудратли кучи ўқувчига қандай таъсир қилишини тасаввур қилинг! Ўзи севган асар қаҳрамонларини ҳаётий идеалига айлантирганлар, ҳаёт йўлида шу қаҳрамонларга ўхшашга ҳаракат қилганлар, асар қаҳрамонлари исмини фарзандига қўйганлар... ва ҳоказолар озмунчами? Бугун ана шу таъсир кучи айрим маърифаткуш ёзгувчилар томонидан ғараз мақсадларга йўналтирилмоқда. Бугун вазият шундайки, ёшларни китоб ўқишга ундашдан олдин, уларни баъзи китоблардан ҳимоя қилишимиз кераклигини англашимиз лозим бўляпти. Бугунги ёшларимиз жиндай эркароқ, жиндай ўйинқароқ, жиндай ўжар, жиндай бепарвороқ, «онлайн ҳаёт»га ружу қўйганроқ... «Нимани ёзмаслик кераклигини билмайдиган» ёзгувчилар буни яхши биладилар. Улар ёшларнинг китобга муносабатида ҳам ҳиссий хислатлар устун туришини, уларнинг ҳис-туйғуларга берилувчанлигини, бадиий асарлардан ҳам ҳиссий завқ-шавқ қидиришини ҳисобга олган ҳолда иш кўрадилар. Ахлоқсизликнинг киши билмас тарғиби ортидан фойда ва ном қозониш истаги бундай ёзгувчиларда шу қадар зўрки, бу йўлда улар бутун бир миллат келажаги юзига ҳам оёқ қўйиб ўта оладилар.

Бугун мен ўзбек адабий танқидчилиги адабиётни сийқалаштираётган «асарлар» билан зудликда шуғулланиши керак, демоқчимасман. Чунки, ҳар икки томон ҳам бу муҳокамада даста-даста қоғозларга қораланган фактларни соатлаб келтириши, ҳатто бир-бири билан судлашиши, шов-шув кўтариши мумкин, лекин натижаси қониқарли бўлишига ишонолмайман. Сабаби, бизда баҳслашиш маданияти ҳам ҳавас қилгулик эмас. Гоҳида ўринли танқид учун ҳатто энг зиёли кўринган ижод аҳли вакиллари ҳам сизни душман қаторига қўшиб қўйишлари мумкин. Мабодо адабиётимизнинг обрў-эътиборини ҳимоялаш мақсадида бузғунчи ёзгувчиларни танқид қилсангиз, қаршингизда «янги адабиёт намоёндаси»ни ҳимоя қилувчи, унинг ижодини ёқловчи номдорроқ бошқа бир ёзувчи, шоир ёки журналистни кўришингиз ҳам ҳеч гапмас. Одатда, бу ҳимоя остида миллат ёки адабиёт қайғуси эмас, «шаҳардошлик», «маҳалладошлик», «шахматдошлик», «паловдошлик» ҳурмати ётади...

Чет эл адибларига катта эҳтиром сақлаган, ўз ижодида ҳам миллий, ҳам Шарқ, ҳам Ғарб анъаналарини бирлаштирган, «Шарқ ва Ғарб ўртасидаги олтин кўприк» номи билан улуғланувчи ҳинд адиби Робиндранат Тҳакурдек одам ҳам бир пайтлар «Минбаъд бу заминга Мопассан қадам қўймасин», деб Худога илтижо қилган эди. Нима учун? Француз адибининг зинокорлик завқ-шавқ билан тасвирланган асарлари учун! Юқорида эслатганимиз - «...дош»ликлар ҳимояси ортида эса бугун бизнинг адабиётимиз майдонига ўзбек Де Садлари қийинчиликсиз кириб келдилар...

ЎЗБЕК ПОЛАРИ «АДАБИЁТИ»

Оддий бир емак ҳамма одамга ҳар хил таъсир кўрсатиши мумкин. Кунлик овқатларимиз соғликни сақлаш учун мижозга мосланади. Руҳий озуқа ҳам шундай. Айни бир китоб ҳаммага ҳар хил таъсир кўрсатади. Инсон руҳиятига зимдан зарар берадиган, аммо сиртдан қараганда безиён кўринадиган асарлар бор. Ёқмайдиган овқат ошқозонни бузгани каби, руҳ қабул қилмайдиган китоблар ҳам инсон руҳиятини бузади, уни ҳатто ишдан чиқаради. Бугунги «адабиёт маҳсулотлари» орасида «фаҳшиёна асарлар»дан ташқари мистик асарлар ҳам бор. Ғарб литературасини Шарқ «одоб ул-куллиёт»и билан қориштирадиган ёзгувчилар бугун «янги давр ўзбек мистикаси»ни ҳам яратиб улгуришди. Мен бу жанрни қоралаш фикридан мутлақо йироқман. Мен учун мистик асарларнинг инсон руҳиятига таъсири ва бу жанрни кенг ёйишдан кўзланган асл мақсад муҳим.

Шахсан ўзим жаҳон адабиётидаги бир қатор мистик, мистик-фантастик асарларни мутахассис сифатида ўқиб, ўрганиб чиққанман. Бу китоблар шахсан менинг руҳиятимга салбий таъсир қилгани йўқ, аммо мен уларни ўқишни оммага тавсия этмаган бўлардим. Сабаби, ҳар кимнинг руҳияти турлича: кимдир ўқиётганларини юрагига жуда яқин олади, кимдир ўқиётганлари орасида яшайди, кимнингдир асаби мустаҳкам, кимдадир заиф... Руҳи қабул қилмайдиган, маънавиятига сингмайдиган китобларни ўқиш орқали асаби бўш киши ўз руҳиятига ўнглаб бўлмас оқибатларга олиб келувчи зарба берганини ўзи сезмай қолади. Жумладан, Ғарбда «жумбоқ одам», «даҳшатлар қироли» дея сифатланадиган Эдгар Аллан Понинг бир неча асарини кетма-кет ўқиган айрим одамларнинг сабабсиз қўрқувга тушиш, уйқусизлик, юқори руҳий қўзғалувчанлик касалига чалинганлари аниқланган. Эдгар Понинг ўзи эса қирқ йиллик умрининг охирги вақтларини восвос, шайтонлаш касаллиги билан азобда ўтказади. Даҳшатлар адибининг касаллигига ўша вақтда ном топа олмаган, келиб чиқиш сабабларини аниқлай олмаган, умрининг сўнгги вақтларидаги ҳолатига шахсан гувоҳ бўлган вашингтонлик врач Жон Моран шундай ёзади:

«Адибнинг руҳий аҳволи кун сайин оғирлашиб, чидаб бўлмас тус олиб бормоқда. У бир неча кунлаб ўзига келолмай алаҳлаб ётади, ўзига келганида эса аллақандай шарпалар билан сўзлашади. Менга нуқул марҳума рафиқасининг тирик эканини, ҳозирда Ричмондда яшаётганини уқтирмоқчи бўлади. Асабий тутқаноқ бошланганда эса, қўрқинчли асар қаҳрамонларининг номини айтиб қичқиради, қўрқув тўла кўзлари билан атрофни синчиклаб, кимлардандир яширинишга уринади... Бироз сокинлашгач эса «Мен гуноҳкор бандангни Ўзинг кечир, Худойим!» дея йиғлашга тушади... » (Глеб Елисеев, «Поэт кошмара и ужаса». Москва, 2014).

Инсон руҳиятини бу қадар издан чиқарувчи мистик адабиётни оммалаштиришдан, халқларнинг миллий адабиётига суқиштириш орқали унинг умрини узайтиришдан (жумладан, қўрқинчли фильмлар яратувчи бутун бошли саноатни барпо этишдан) кўзланган асосий мақсад нима эди?

Аниқланишича, мистика пайдо қилган қўрқув вақтида марказий асаб тизими фалажланади. Киши маълум муддат жўяли фикрлаш ва қарор қабул қилиш неъматидан маҳрум қолади. Муттасил қўрқув ва ноаниқликлардан ҳадиксираш, кучли руҳий зўриқиш кишида тобелик ҳиссини кучайтиради ва ҳар қандай буйруқни беихтиёр бажаради, ҳар қандай ахборотни таҳлил қилиб ўтирмай, миясига сингдиради, айтиш жоиз бўлса, ўзига хос зомбига айланади. Психик ва ахборот хуружлари ёрдамида миллатларни маҳв этиш авж олган айни замонамизда мистиканинг бу вайронкор кучи ғаразгўй тарафлар учун айни муддао.

Форс кўрфазидаги урушдан сўнг, 1991 йилда учинчи тараф томонидан дунё бўйлаб психологик урушни авж олдириш мақсади билан бир неча ўнлаб махфий лойиҳалар яратилган эди. Дунёда мистик адабиётни кенгроқ ёйиш ана ўша лойиҳалардан бирининг таркибий қисми бўлиб, лойиҳа учун немис генерали Карл Фон Клаузевицнинг (1780-1831) машҳур нутқидаги: «Халқларни руҳан маҳв этиш, уларда қўрқув ва тобеликни, фикрсизликни шакллантириш учун мистик адабиётдан яхши ёрдамчи йўқ», деган фикрлари асос қилиб олинган эди («Понятие психологической войны», 1-часть. Москва, 2010).

Китоб дўконларимизда, кутубхоналарда муқовасидаги қўрқинчли суратлари ва номланишининг ўзи биланоқ юракни увиштириб, кишида ёқимсиз ҳиссиёт пайдо қиладиган ўзбек Поларининг мистик китоблари оз эмас. Китоб дўконларига, кутубхоналарга асосан ёшлар ва болалар кирадилар. Чунки жуда кўп оилаларда китоб ўқишга тарғиб ва рағбат кучли. Бола мистик китоблар муқовасидаги даҳшатли ном ва суратлардан дастлаб қўрқиши мумкин, кейин эса қизиқиш пайдо бўлади, ўзи ўқиган китобини албатта ўртоқлари орасида мақтаб тарғиб қилади (инсон психологиясида ўзи эгалик қилаётган нарсанинг ёмон томонларини кўрсатмасдан, мақташ одати мавжуд). Бу ўзига хос реклама сабаб, ўшандай китоблар оммалашади. Ёзгувчи эса бундан моддий-маънавий дастак олади ва янги-янги «даҳшатли асар»лар ёзишга илҳомланади. Лекин мистиканинг отаси ҳисобланадиган Ғарбда ҳам кутубхоналарда вояга етмаганларга мистик асарлар ўқиш учун берилмайди, китоб дўконларида сотилмайди (худди вояга етмаганларга тамаки ва спиртли маҳсулотлар сотиш тақиқлангани каби).

ПСИХОЛОГИК УРУШ «НИЗОМИ»ДА АДАБИЁТ АҲЛИ

Ўқувчига маънавий зарар берадиган китобларни ўқимай қўйиш билан бу муаммони ҳал этиш, ундан қутулиш мумкин эмас. Кимлардир тан олмайдиган ўша китоб бошқа кимларнингдир китоб жавонидан ўрин олиши аниқ. Одатда озиқ-овқатлар-у, дори воситаларини сотиб олишда ҳамма томонини синчиклаб эътиборга оладиган кишилар ҳам, китоб танлашда бепарво бўладилар. Адабиётнинг руҳият ва дидга ўтказадиган таъсири ва оқибатлари камдан-кам кишини ўйлантиради. Шу ўринда, мени ортиқча ваҳима кўтаришда айбламасликлари ёки янгича адабиётни тушунмайдиган одамга чиқариб қўймасликлари учун айтмоқчиманки, дунёда психологик урушни авж олдираётганлар адабиётни бузиш орқали катта сарҳадларни маҳв этиш ва халқларни осонгина бошқариш мумкинлигини тажрибадан биладилар. Улар томонидан «психологик уруш низомини яратган файласуф» сифатида тан олинган, VI асрда қадимги Хитойда яшаган ҳарбий саркарда Сун Цзининг кўрсатмалари орасида шундай қисмлар бор:

«- Рақиб мамлакатда яшовчиларнинг миллий анъана ва одатларини камситиш йўли билан йўққа чиқаринг.

- Ёшларни қарияларга қарши қўйинг.

- Рақиб мамлакат аҳолиси ўртасида маъносиз қўшиқ ва жазавали мусиқага рағбатни ёйинг.

- Рақиб мамлакатда енгилтабиат аёлларнинг обрўси ошиши учун қўлингиздан келган барча чораларни қўлланг.

- Фуқаролар орасида беҳуда тортишувлар ва тўқнашувларга сабаб бўлувчи муаммолар яратиб берадиган одамларни ўша халқ орасидан топинг ва уларнинг фаолияти учун маблағни аяманг.

- Ёшларни худбинликка, манманликка ўргатинг.

- Кексаларда сархуш этувчи ичимликларга майл уйғотинг...

...Ва бу йўлда ўзингизга мамлакат ичкарисидаги адабиёт аҳлидан ҳамкорлар танланг. Айш-ишратни - ҳаёт маъноси, зўравонликни – ҳукмронлик, исённи – қаҳрамонлик сифатида кўрсатадиган асарлар ёздириш ва у қўлёзмаларни оммага ёйиш ишларида қўли очиқ бўлинг; рағбатлантиришда, таклифларда, ваъдаларда сусткашлик ва қизғанчиқлик қилманг. Чунки натижа сиз кутганингиздан ҳам зиёда бўлади...» («Технологии психологической войны». Москва, 1997).

Вазиятнинг асл юзи шундай экан, демак, бугунги кун китобхони қай бир «янги адабиёт»ни қўлига олган вақтида «Бу китобни ўқиш менга қанчалик зарур?», «Бу китоб менинг руҳиятимга салбий таъсир қилмайдими?», «Бу китоб мени мутолаадан совутмайдими?», «Бу китоб менинг фарзандларим учун хавфли эмасми?», дея ўзига савол бериш мажбуриятидадир.

Маънавият – бу ўзлик. Демак, маънавиятни қўриқлаш ҳам ватанни қўриқлашдек фарз.

Юртимизнинг халқ маънавиятини юксалтиришга катта ҳисса қўшаётган нодир ёзувчи ва шоирлари бор. Уларнинг асарлари навбатда туриб сотиб олиняпти, қўлма-қўл қилиб ўқиляпти, «одамлар бундан буён китоб ўқимайди» деган фикрларнинг асоссиз эканини исботлаяпти. Асл асарлар бўлса, халқимиз ўқийди. Фақат, китобхон халқимизга муносиб ижодкорлар кўпайиши керак.

Ахлоқсизликнинг ҳамма кўринишларини, зўравонлик ва қўрқув технологиясини ижодга олиб киришга ва бу орқали шуҳрат ва пул топишга уринаётганларга эса айтадиган сўзимиз шу: АДАБИЁТимиздан қўлингизни тортинг!

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан