Яшиллар партияси ҳамраиси Украинадаги можародан кейин Британияни НАТОдан чиқишга чақирмоқда.
Британия Яшиллар партияси ҳамраиси Адриана Рамсай Украинадаги можаро тугаганидан кейин Буюк Британия НАТОни тарк этиши кераклигини айтди. Унинг сўзларини Sky news телеканали келтирмоқда.
«Британиянинг НАТОдан чиқиши бизнинг узоқ муддатли сиёсатимиз бўлиб қолмоқда, чунки биз тинчликпарвар институтларга кўпроқ эътибор берилишини хоҳлаймиз», деди Рамсай.
Шу билан бирга, сиёсатчи Украинадаги воқеалар туфайли альянсдан дарҳол чиқиб кетишга арзимаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, Британия можаронинг тезроқ якунланишига ҳисса қўшиши, бош вазир Борис Жонсон эса Москва ва Киевнинг музокара столига ўтиришини таъминлаши керак.
Рамсай, шунингдек, Россияга иқтисодий босимни кучайтириш ва Европа давлатларининг Россия энергия ресурсларига қарамлигини камайтиришни талаб қилди.
Аввалроқ Буюк Британия Украинага 300 миллион фунт стерлинг миқдорида қўшимча молиявий ёрдам бериши хабар қилинганди.