Афғонистонда Ўзбекистон билан ҳамкорликда ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Афғонистонда Ўзбекистон билан ҳамкорликда ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида ўсимлик ёғи ишлаб чиқариладиган модулли корхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА. 

Тадбирда Афғонистон молия вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ходи Аргандевол, Балх вилояти ҳокимлиги ва афғон ишбилармон доиралари вакиллари, шунингдек, маҳаллий журналистлар иштирок этди.

Абдул Ходи Аргандевол Афғонистон иқтисодиётини тиклашга кўрсатаётган кўмаги учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдириб, икки томонлама ҳамкорлик юқори даражада ривожланиб бораётганини қайд этди.

Қайта ишлаш ускуналари Афғонистонга Ўзбекистоннинг “Al-Taminot” корхонаси томонидан етказиб берилди.

Ўз навбатида, Балх вилояти ҳокими Исҳоқ Рахгузар Ўзбекистон томони билан биргаликда амалга оширилаётган турли инфратузилмавий лойиҳаларга тўхталиб, уларнинг Афғонистон иқтисодиётини тинч ва барқарор ривожлантиришдаги ўрнини юқори баҳолади.

Лойиҳа доирасида Афғонистонда мавжуд учта ёғ-мой корхонасини модернизация қилиш, қайта таъмирлаш ҳамда янгиларини барпо этиш кўзда тутилган.