Самарқандда аграр университетнинг филиали ташкил этилди

Самарқандда аграр университетнинг филиали ташкил этилди

Ҳукумат қарори (556-сон, 16.09.2020 й.) билан Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали ташкил этилди. Қарорга мувофиқ, Филиал ўз фаолиятини 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб амалга оширади.

Филиалнинг асосий вазифаларидан бири қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган илғор технологияларни қўллаш, «Ақлли қишлоқ хўжалиги» (Smart agroculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий этиш бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш ҳисобланади.

Қарор билан 2020/2021 ўқув йили учун Филиалда бакалавриат ва магистрлар тайёрлашнинг таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича қабул квотаси тасдиқланди.

Шунга кўра, қабул квотаси бакалавриат таълим йўналишларига жами 475 та (шундан 95 та давлат гранти, 380 та тўлов-контракт) ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича жами 40 та (давлат гранти) этиб белгиланди.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат таълим йўналишида таълимнинг кредит-модуль тизими жорий этилади, бунда ўқиш ҳафтада 5 кун бўлиб, ҳафтанинг шанба куни мустақил ўзлаштириш куни ҳисобланади.

Шунингдек, филиалда Беларус Республикасининг Гродно давлат аграр университети билан қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма таълим дастурлари (double degree) амалга оширилади.