Аҳмед Алиев: «МХХ раиси биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов Шавкат Мирзиёевни жисмонан йўқ қилмоқчи бўлган»

Аҳмед Алиев: «МХХ раиси биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов Шавкат Мирзиёевни жисмонан йўқ қилмоқчи бўлган»

Жаслиқ қамоқхонасида ўтириб чиққан «Алиев заргари» (Gold Center) заргарлик компанияси раҳбари Аҳмед Алиев Ўзбекистонда 2011—2012 йилларда мамлакатнинг ўша вақтдаги президенти Ислом Каримовни ҳокимиятдан четлатиш ва ўша вақтда бош вазир лавозимида фаолият олиб борган Шавкат Мирзиёевни ўлдиришни мақсад қилган тўнтариш режалаштирилганини маълум қилди. У бу ҳақда 21 октябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади Дарё нашри.

Аҳмед Алиев 2012 йили ҳибсга олинган, унга нисбатан Жиноят кодексининг 23 та моддаси бўйича айблов эълон қилинган. 2013 йили эса у уюшган жиноий гуруҳ тузишда айбдор деб топилиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. 2019 йил сентябрида эса жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди «Алиев иши»ни қайта кўриб чиқиб, уни суд залидан озод қилган эди.

Алиевнинг сўзларига кўра, унинг қамалишига бир томондан иқтисодий, бошқа томондан эса сиёсий сабаблар бўлган. Унинг ўзи қамалишида сиёсий сабабларни асосий рол ўйнаган деб ҳисоблайди.

«2011—2012 йилларда Ўзбекистонда давлат тўнтариши тайёрланган. Агар ўша тўнтариш амалга ошса, ўша вақтдаги президент Ислом Каримов лавозимидан четлатиларди. Ўша давлат тўнтариши доирасида ўша вақтда бош вазир лавозимида бўлган Шавкат Мирзиёев жисмонан йўқ қилинган бўларди. Такрорлайман, уни жисмонан йўқ қилишмоқчи эди. Мени шу тўнтариш ҳақида билиб қолганим учун қамашган», — дейди Аҳмед Алиев.

Таниқли заргарнинг таъкидлашича, «Шавкат Мирзиёевни жисмонан йўқ қилиш режаси ортида шахсан генерал Шуҳрат Ғуломов турган». Алиев, шунингдек, 2019 йилги апелляция судларида айтган гапларини такрорлаган — 2014 йили унда тўнтариш бўйича билганларини ошкор қилиш имконияти туғилган, ёзганлари керакли одамларгача етиб бормаган бўлса-да, кейинчалик айнан унинг ёзганлари асосида ҳуқуқ-тартибот органлари юқори мартабали амалдорларга нисбатан жиноят иши очган.

Маълумот учун, МХХ (ҳозирги ДХХ)нинг собиқ биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов 2017 йили Ўзбекистон Ҳарбий суди томонидан конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва гиёҳванд моддалар контрабандасини ташкил этишда айбдор деб топилиб, умрбод озодликдан маҳрум этилган эди. Шавкат Мирзиёев уни «сотқин» деб атаган эди.