Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш учун ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майда «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5052 сонли Фармони қабул қилинган.

Фармон талабларидан келиб чиқиб, вақтинчалик банд бўлмаган аҳолининг йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмаси объектларини қуришда, таъмирлаш ва реконструкция қилишда, шаҳар ва туманларни ободонлаштиришда иштирок этишини молиялаштириб бориш мақсадида Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилган.

Жорий йилнинг январь сентябрь ойларида жамоат ишларига 284 минг нафар фуқаролар жалб этилган бўлиб, уларга Жамғарма ҳисобидан 189,4 миллиард сўм иш ҳақи тўлаб берилган.

Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан Жамоат ишлари жамғармаси маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида 4,7 миллиард сўм, шундан жорий йилнинг 3-чорагида 1,3 миллиард сўм Жамғарма маблағларини асоссиз ва ноқонуний сарфланиш ҳолатлари аниқланди.

Жамғарма маблағларини мақсадли сарфланишига масъул бўлган ташкилот ходимлари томонидан ўз хизмат вазифаларини бажаришда қонунни бузиш ҳолатларига йўл қўйиш ҳолатлари аниқланган.

Андижон шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази бош ҳисобчиси «Элга хизмат кўмакдош» МЧЖ раҳбари билан келишган ҳолда жамоат ишларини бажарганлик тўғрисида ҳеч қандай ҳужжатларсиз 362,8 миллион сўм маблағни МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берган.

Балиқчи тумани Бандликка кўмаклашиш маркази бош инспектори тумандаги 8 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари билан келишган ҳолда 44 нафар фуқаролар билан тузилган сохта меҳнат шартномалари ва жамоат ишларини бажарилганлиги тўғрисида ҳисобот маълумотлари асосида 52,4 миллион сўм ўзлаштирилган.

Булунғур туманидаги «Агро фаровон замин» агрофирмаси раҳбари агрофирмада ишлаб келаётган 36 нафар ходимларни (ходимларнинг бехабарлигида) 2019 йил 22 майда ишдан бўшатиб, уч ой муддатга ҳақ тўланадиган жамоат ишларига сохта буюртмани туман Бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиб, 27,4 миллион сўм Жамғармадан асоссиз олганлиги аниқланди.

Шунингдек, Бухоро тумандаги 4 та фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи ҳисобчи томонидан фермер хўжаликларида ишламаган 8 нафар фуқаролар номидан ҳужжатларни расмийлаштириб, туман Бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиш орқали 12 миллион сўм маблағларни ўзлаштирган.

Ангор туманидаги «Ангор агро пилла» МЧЖ томонидан ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб қилинганлик тўғрисида 37 нафар фуқаролар номига сохта ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ангор тумани Бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиб, жамғарманинг 65 миллион сўм маблағлари ўзлаштириб юборилган.

Шеробод туманидаги «Хўжақия-1» МФЙ раиси жамоатчилик ишида ишламаган уч нафар ҳамда жамоатчилик ишларига жалб этилиб, кейинчалик бўшаб кетган 5 нафар фуқаролар номига сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, туман Бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиш орқали 18,4 миллион сўм маблағларни ўзлаштирган.

Бағдод туманда ўтказилган назорат тадбирларида «Универсал бизнес инвест» МЧЖ ва яна 23 та корхона, фермер хўжаликларида 106 нафар фуқаролар номига ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан 103 миллион сўм жамғарма маблағлари ўзлаштирилганлиги аниқланган.

Қайд этилишича, юқоридаги ҳолатлар бўйича назорат тадбирлари ҳужжатлари тегишли чоралар кўриш учун прокуратура органларига юборилди.