АИ-80 маркали бензин ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечилади

АИ-80 маркали бензин ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечилади

Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва «Ишчи гуруҳ» аъзолари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ташриф буюриб, завод мутахассислари ҳамда заводни модернизация қилиш ва реконструкция қилиш лойиҳасини амалга оширувчи гуруҳ билан учрашди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф давомида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш ва реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, заводни модернизация қилиш ва реконструкция қилиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида АИ-91, АИ-93, АИ-95 маркали юқори октанли бензин ишлаб чиқариш ва АИ-80 маркали бензин ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечиш, шунингдек Евро-5 талабларига жавоб берадиган дизель ёқилғисини ишлаб чиқаришга ўтиш кутилмоқда.

Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати

Шунингдек, бошқарув раиси ва «Ишчи гуруҳ» аъзолари ташриф давомида заводнинг асосий ишлаб чиқариш объектларини кўздан кечиришди ва режалаштирилаётган янги технологик қурилмаларнинг қурилиши жойи билан танишди.

Ташриф якунида инвестицион лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш учун тақдимотни тайёрлаб топшириш, шунингдек, FEED лойиҳасини, шу жумладан инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун имтиёзли кредит шартлари бўйича таклифларни ўрганиш ва жорий этиш бўйича топшириқлар берилди (узоқ муддат учун энг паст фоиз билан).