Airbus Сингапур авиасалонида 2 метрли Maveric самолётининг прототипини намойиш этди.
Унинг кўриниши космик кемаларга ўхшайди.
Vc.ru порталига кўра, тақдим этилган самолёт масофадан туриб бошқариладиган экспериментал моделдир.
Airbus ушбу модель ёрдами билан ёқилғи бўлинмаси, қанотлар ва йўловчилар салони билан бирлашган янги самолётнинг аэродинамикаси ва имкониятларини синовдан ўтказади.
Икки Maveric двигатели қанот устида жойлашган. Airbus вакилларининг сўзларига кўра, бундай дизайн ёқилғи сарфини 20 фоизга камайтиришга ва самолёт шовқинини пасайтиришга ёрдам беради.
Reuters хабарига кўра, қўшма қанотли самолётларда бир нечта камчиликлар мавжуд бўлиб, улар орасида бошқарув қийинлиги, шунингдек, ўриндиқларнинг қанотдаги жойлашуви туфайли лайнернинг бурилишларида йўловчиларнинг чайқалиш кучининг таъсири ҳам мавжуд.
Airbus авиакомпанияси қўшма қанотли самолётлардан фойдаланиш саналарни очиқламади. Ҳозир компания кабинани ишлаб чиқмоқда ва лайнерни аэропортларга интеграциялаш устида ишламоқда.