Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Академик Шавкат Акмалхонов вафот этди
15.10.2020 08:50,  
156

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги йирик олим, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси академиги Шавкат Акмалхонов 87 ёшда вафот этди. Олимнинг вафоти муносабати билан Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов, А.Арипов, Б.Йўлдошев таъзия изҳор қилди.

Ш.Акмалхонов 1933 йил 18 августда Тошкент шаҳрида туғилди. 1956 йили Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини тугатиб, ўз меҳнат фаолиятини Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида зоотехник лавозимидан бошлади. Кейинчалик Ўзбекистон чорвачилик илмий-тадқиқот институти аспирантурасида таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 1991 йилда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси академиги этиб сайланди. 

Истеъдодли олим ўзининг 60 йилдан ортиқ илмий-педагогик фаолияти давомида Ўзбекистон чорвачилик илмий-тадқиқот институти (ҳозирги Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий-тадқиқот институти) катта илмий ходими, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари ва директори, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг вице-президенти, Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг бўлим бошлиғи лавозимларида самарали меҳнат қилиб, ушбу соҳалардаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.

Заҳматкаш олимнинг чорвачилик соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган юзлаб илмий мақолалари, ўнлаб китоб ва монографиялари юртимиз ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассислари ўртасида яхши маълум. Унинг қатор илмий ишланмалари ва патентлари мамлакатимизда чорвачиликни илмий асосда ривожлантиришда муҳим роль ўйнади.

Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга сабоқ берган илм-фан фидойисининг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланди.

Ш.Акмалхоновнинг Ўзбекистон илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби» фахрий унвони билан мукофотланган эди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан