Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Акфа университетига қўлланилган солиқ имтиёзлари адолатлими?
27.02.2019 18:49,  
88

Охирги ойнинг муҳим янгиликларидан бири мамлакатимизда янги университет очилаётганлиги ҳақидаги хабар бўлди. Бу ҳақида деярли барча ОАВ воситаларида ёритилди, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамалар давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Взирлар Маҳкамасининг 2019-йил 15-февралдаги Акфа университетини ташкил этиш тўғрисида”ги 130-сон қарори (кейинги ўринларда – Қарор) билан фойда олишни мақсад қилган тижоратчи юридик шахс – масъулияти чекланган жамият шаклида Акфа университети (кейинги ўринларда – Университет) ташкил этилди.

Албатта бу ижобий ҳодиса, бундай олий ўқув юртларини кўпайиши қўллаб-қувватланиши керак. Биз хусусий университетлар кўпайишини истаймиз ва бу ҳақиқий маънода рақобат муҳитини яратиш билан боғлиқ бўлиши керак.

Ушбу мақола асло Университетга нисбатан қўлланилган имтиёзларни салбий баҳоламайди, балки уларни қўллаш тартибига (якка тартибда берилишига) эътироз билдиради ҳамда ушбу имтиёзларни қонунга мувофиқлаштириш орқали кейин очилиши мумкин бўлган барча таълим муассасаларига умумий тарзда қўллаш имкониятини белгилашни таклиф этади. Қуйида қўлланилган имтиёзлар ва ушбу Университет очилиши муносабати билан қабул қилинган норматив-ҳужжатларни таҳлил қиламиз:

Нега Ҳукумат қарори?

Аслида Қонунчиликка мувофиқ бундай университетни алоҳида қарор чиқармасдан ҳам ташкил этиш мумкин эди. Универстетни айнан Ҳукумат қарори билан ташкил этишдан асосий мақсад мазкур университетга солиқ ва божхона имтиёзлари олиш бўлиши мумкин.

Қарорнинг 13-бандига мувофиқ 2022-йил 1-январга қадар Университет барча турдаги солиқлар ва божхона тўловларидан озод қилинсин, деб белгиланган. Бошқа (давлат) олий таълим муассасалари ҳам бундай солиқлардан (ЯИТ дан ташқари) озодку дейиш мумкин. Бироқ улар аввало тижоратчи ташкилот эмас, мақсади фойда олишга қаратилмаган. Бундай имтиёзлар солиқ солишнинг адолатлилиги принципига зид бўлиб, бундай имтиёзларни Солиқ кодекси даражасида барча таълим муассасаларига (мулкчилик шаклидан ва юридик шахс туридан қатъий назар) белгилаш энг тўғри ечим бўларди.

Шунингдек, хусусий ташкилот ташкил қилиниши учун ҳукумат қарорининг қабул қилиниши ҳам ҳали ҳануз давлар хусусий секторни бошқаришини, аралашишини истисно этмаётганлигини намоён қилади.

Солиқ имтиёзлари нима ва у қандай қўлланилади?

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг (кейинги ўринларда – Кодекс) 30-моддасига кўра, бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга бериладиган афзалликлар, шу жумладан солиқ ва (ёки) бошқа мажбурий тўловтўламаслик ёхуд уларни камроқ миқдорда тўлаш имконияти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар деб эътироф этилади. Бундай имтиёзлар Кодексда, бошқа қонунларда, Президентининг қарорларида, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган бўлиши мумкин.

Шунингдек, Кодексда ҳар бир солиқ ёки мажбурий тўлов тури бўйича имтиёзлар назарда тутилган. Масалан, Кодекснинг 158-моддасига мувофиқ ички ишлар органлари ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмалари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлашдан озод қилинган.

Ёки Кодекснинг 179-моддасида жисмоний шахсларнинг солиқ солинмайдиган даромадлари турлари келтирилган. Унга кўра, масалан, жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромадлари, давлат пенциялари, жисмоний шахсларнинг агар у ёш оила аъзолари томонидан якка тартибда уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун ёки кўп квартирали уйдаги квартирани реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган тақдирда солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаларига солиқ солинмайди.

Бироқ, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар қўллашнинг аниқ шартлари ва талаблари Кодекс ёки бирор норматив-ҳуқуқий ҳужжатда батафсил белгиланмаган. Шунга қарамасдан ушбу имтиёзлар бериш тартиби Кодексга зид бўлиши мумкин эмас.

Имтиёзлар бериш адолатли бўлиши шартми?

Кодекснинг 5-моддаси солиқ солишнинг мажбурийлиги, аниқлиги, адолатлилиги, солиқ тизимининг ягоналиги, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ошкоралиги ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпсияси принципларини белгилайди. Юқорида номи келтирилган Қарордаги солиқ имтиёзи белгилаш тартиби (имтиёзнинг ўзи эмас!)ни таҳлил қилар эканмиз, ушбу тартиб солиқ солишнинг адолатлилиги принципига мувофиқлигини кўриб чиқишимиз лозим. Кодекснинг 8-моддасида солиқ солишнинг адолатлилиги принципига қуйидагича таъриф берилган:

“Солиқ солиш умумийдир.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларни белгилаш ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши керак. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган имтиёзлар берилишига йўл қўйилмайди.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар камситиш хусусиятига эга бўлиши мумкин эмас ҳамда ижтимоий, ирқий, миллий, диний ва бошқа шу каби мезонлардан келиб чиққан ҳолда қўлланилиши мумкин эмас”.

Бундан келиб чиқадики, солиқ ва мажбурий тўловлар умумий – уларни белгиланган тартибда барча солиқ тўловчилар тўлаши шарт.

Албатта, айрим соҳаларни ривожлантириш, солиқ тўловчиларни қўллаб-қувватлаш каби умумманфаатли мақсадларда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар белгиланиши тўғри ва адолатли бўлади.

Масалан, давлат пенциялари ва таълим олувчилар стипендияларига солиқ солмаслик, ёки олий, ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, шунингдек кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотларда таълим беришнинг ҳақ эвазига ўқитишга доир қисми бўйича хизматларни қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш. Ва шу каби бутун бир соҳа бўйича ва умумий шартларда берилган имтиёзлар.

Адолатсиз имтиёз?

Бироқ, юқоридаги Қарорда имтиёз якка тартибда – фақатгина «Акфа Медлине» МЧЖга берилмоқда. Бу эса юқорида келтирилганидек Кодекснинг адолатлилик принципига зид нормадир: Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган имтиёзлар берилишига йўл қўйилмайди (Кодекснинг 8-моддаси).

Қолаверса, Кодекснинг 2-моддасига кўра, солиқ солиш масалаларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжат Кодекс билан тақиқланган ҳаракатларга рухсат берса ёки йўл қўйса Кодексга мувофиқ эмас деб топилади. Ушбу моддада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу Кодекснинг қоидаларига мувофиқ бўлмаган тақдирда эса Кодекс қоидалари қўлланилиши аниқ белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Кодекснинг 5-моддасига мувофиқ солиқ солиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга соладиган бошқа қонун ҳужжатлари мазкур принципларга зид бўлиши мумкин эмас.

Нота Бене!

Жуда қизиқ ҳолат келиб чиқмоқда: солиқ органларимиз Университетни солиққа тортишда Кодекс принципларига амал қилиб, унинг қоидаларини қўллармикин ёки Ҳукумат қарорини? Яъни:

  1. Кодекс якка тартибда имтиёз беришни тақиқлайди;
  2. Ҳукумат қарори якка тартибда имтиёз беради;
  3. Кодекс устувор мавқега эга эканлиги ҳисобига унинг қоидалари қўлланилиши керак (2-модда);С
  4. олиқ органлари ҳа иккала норматив ҳужжатни ҳам: Кодекс ва Ҳукумат қарорини бажаришга мажбур.

Кузатамиз солиқ органларимиз қонун устуворлигига амал қилишармикин ёки …

Бироқ, бу каби якка тартибдаги имтиёзлар тизимли тус олмоқда (ЎзEлтехсаноат уюшмаси, Генерал Моторс Узбекистан АЖ,«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси аъзоларига баъзи тадбиркорлик соҳалари уюшмалари) ва Кодекс принципларининг оддий декларатив нормага айлантириб қўймоқда.

Бу эса солиқ солиш соҳасида қонун устуворлиги емирилишини келтириб чиқаради. Чунки, айнан принциплар соҳа қонучилигининг тамал асосларини белгилайди.

Рақбатни ҳам чеклайдими?

Ушбу якка тартибдаги имтиёзлар бозорда Университетни бошқа хусусий (янги очиладиган ) олий таълим тадбиркорлки субъектлари олдида афзал ҳолатга қўяди, уларга Университет билан рақобатлашиш имкониятинг чеклайди.

Энг муҳими Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериши тақиқланади.

Ушбу ҳолатни тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ваколатига киради.

Хулоса ўрнида

Демак, юқорида келтирилган Ҳукумат қарорида белгиланган имтиёзлар якка тартибда белгиланган бўлиб, Солиқ кодексининг тамал принципларига зид.

Тартибга мувофиқ қарорлар лойиҳасини таёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритшда қаттиқ экспертиза ва текширувлар ўтказилади, шунингдек ваколатли органлар билан келишилади. Афсуски Вазирлар Маҳкамасидаги ҳуқуқшунос ва солиқ соҳасидаги мутахассисларга ушбу принциплар ва қонун устуворлиги у қадар муҳим эмасдек. Зеро, бу имтиёзларни қўллаш учун қонунда белгиланган тартибда уларни ўрнатиш етарли эди холос. Масалан: Қарорда ёки алоҳида қонун билан олий таълим хизмати кўрсатувчи барча нодавлат хусусий тадбиркорлик субъектларини солиқлардан озод қилинишини белгилаш орқали.

Фикримизча, Олий таълим муассасалари, шунингдек олий таълим муассасалари ҳудудида хизматлар кўрсатувчи хусусий тижоратчи университетларни қўллаб-қувватлаш Кодексга мувофиқ амалга оширилиши керак: Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда олий таълим хизматлар кўрсатувчи барча тижоратчи юридик шахсларга қўлланиладиган шаклда белгиланиши адолатли бўлади.

Бу каби якка тартибда имтиёзлар белгиланиши мамлакатнинг инветицион имиджига ҳам таъсир этмасдан қолмайди. Солиқ ва божхона органлари ҳамда Ҳукуматдан ушбу қарор бўйича тушунтириш ва солиқ имтиёзларини қўллашнинг адолатли тартибини назарда тутувчи тегишли ўзгартиришларни: Университетга қўлланилган имтиёзларни бекор қилиш эмас, балки уни адолатлилик принципларига мувофиқ тарзда умумий қилиб ўрнатишни, шунингдек Университетни солиққа тортишда Кодекс нормаларини қўллашни кутиб қоламиз.

Убайдулла Хўжаев, адвокат

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан