Шикоятлари қондирилмаётган Акром Маликнинг адвокатлари манзил-колония раҳбари билан учрашди

Шикоятлари қондирилмаётган Акром Маликнинг адвокатлари манзил-колония раҳбари билан учрашди

Ёш адабиётшунос Акром Малик иши юртимизда рўй бераётган турли ислоҳотлардан четда қолаётгандек: унинг адвокатларининг шикоят аризалари судлар томонидан қондирилмаяпти.

Ёш навоийшуноснинг айби исботланмасдан қамалгани ҳақидаги важ Республикамиз судлари томонидан қабул қилинмаяпти. Аммо адвокатлар маҳкум Акром Маликовнинг ҳуқуқини муносиб даражада ҳимоя қилишдан тўхтамасликларини маълум қилишмоқда.

Куни кеча Акром Маликнинг адвокатлари Ф. Мустонов ҳамда Т. Жуманиязовлар у жазо ўтаётган 48-сонли манзил-колония раҳбари подполковник Ш. Абдуллаев қабулида бўлдилар.

Манзил-колония раҳбари маҳкум А. Маликов намунали ҳамда ички интизомга қатъий риоя қиладиган маҳқум эканлигини, жазо ўташ давомида мутлақо тартибларни бузмаганини, ахлоқи ва муомаласи, илми ва тарбияси билан бошқа маҳқумлар орасида ҳурматга эгалигини айтди.

Шунингдек, манзил-колония раҳбари маҳкум Акром Маликовнинг озодликка чиқишига хайрихоҳлигини билдирди. Унинг фикрича, Акром Малик намунали фуқаро сифатида юртимиз манфаатига хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Бундан ташқари, Жазони ижро этиш Бош бошқармаси ҳам маҳкум Маликов Акром тақдирига бефарқ эмас. Улар Акром каби салоҳиятли инсонлар озодликда халқимизга кўпроқ наф келтирада деб ишонишади.

Суҳбат сўнгида 48-сонли манзил-колония раҳбари Ш. Абдуллаев маҳкум Акром Маликовнинг адвокатларига ҳимоя масаласида зарур ҳужжатлар, тавсияномалар ва шу каби йўналишда ҳар қандай амалий ёрдам беришга тайёр эканлигини, буни Жазони ижро этиш бошқармаси ҳам қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Республикамизда кечаётган муҳим сиёсий жараёнлар асносида ёш адабиётшунос Акром Малик ва у каби ноҳақ қамалган бошқа маҳкумларга нисбатан адолатли ва қонуний ажримлар чиқарилиши ҳукуматимизнинг халқаро майдондаги мавқеига ижобий таъсир кўрсатиши аниқ.