Сентябрь ойи ўрталарида Alibaba бозорида Ўзбекистон миллий павильони ўз ишини бошлади, дея хабар бермоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати. Платформа 4,8 мингдан ортиқ маҳсулотга эга 50 дан ортиқ компанияларни бирлаштирган бўлиб, бу Ўзбекистондан Хитой бозорига маҳсулотлар етказиб бериш имконини беради.
Бу ҳақдаги келишув Ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва Alibaba Group корпорацияси ўртасида имзоланган.
70 та экспортёрни Alibaba'да товарларни рўйхатдан ўтказишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Агентлик томонидан 4,6 миллиард сўм ажратилди.
Улар таркибида янги ва қуритилган мева-сабзавот, тўқимачилик ва бошқа турдаги маҳсулотлар ва хизматлар ишлаб чиқарувчилари бор.
Йил охирига қадар улар сайтдаги корхоналар сонини 100 тага етказишни, шунингдек, электротехника, мебель, пойабзал ва болалар ўйинчоқлари бўлимларини очиб, ассортиментни кенгайтирмоқчи.
8-15 октябрь кунлари Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва Alibaba гуруҳи электрон тижорат форумини ўтказишни режалаштирмоқда. Бунгача Хитой томони Ўзбекистоннинг 300 та корхонаси учун тўртта тренинг ташкил этган бўлиб, уларнинг сонини 500 тага етказишни режалаштирган.