Alibaba Group компанияси Истанбул ва Анқара чеккаларида логистика хаби ҳамда маълумотларни қайта ишлаш маркази қурилишига 1 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритмоқчи. Бу ҳақда компания президенти Жон Майкл Эванс "Sabah" газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, компания Истанбул аэропортида логистика базасини, шунингдек, Туркиянинг Темелли шаҳрида 200 000 квадрат метр майдонга эга энг йирик маълумотларни қайта ишлаш марказини қуриш ниятида.
Компания президентининг таъкидлашича, Истанбулда қуриладиган база Европа ва Яқин Шарққа товарлар етказиб бериш занжирида асосий нуқтага айланиши мумкин. Туркия инфратузилмасига кенг кўламли сармоя киритиш эса Alibaba Group'га даромадни сезиларли даражада ошириш имконини беради.
Айтиб ўтиш лозимки, компаниянинг 2022 йилдаги молиявий натижалари 2014 йилда ИПОдан кейинги муддат ичида деярли энг паст бўлди. Хитой технология компаниясининг даромади йил якунига кўра йиллик ҳисобда атиги 3 фоизга ўсиб, 207,2 миллиард юанга (29,12 миллиард доллар) етди. Сотувчиларнинг сайтда савдо қилиш учун тўлайдиган пули эса чорак натижалари бўйича 7 фоизга пасайиб, Alibaba тарихидаги энг ёмон кўрсаткич бўлди.