Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Алишер Навоий миллиардер бўлганми?
9.02.2023 10:17,  
277

Атоқли ўзбек мутафаккири Алишер Навоий ҳақида билмаган ўзбек топилмаса керак. Зеро, у бутун турк дунёсининг “шамс ул-миллат”и яъни миллат қуёши деб эътироф этилгани ҳам бежизга эмас.

Бугун биз сиз билан мутафаккир шоир Алишер Навоий шахсиятига иқтисодий ракурсдан қараб баҳо берамиз.

Дастлаб, Алишер Навоий ҳақида қисқа сатрларда:

– Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда Хуросон ўлкасининг пойтахти Ҳиротда туғилган;

– Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад темурийларга яқин амалдорлардан бўлган. Табиийки унинг топиш-тутиши ҳам ўзига яраша бўлган. Яъни шу боис хулоса қилиш мумкинки, Навоий ёшлик чоғида ҳам пулга муҳтожлик сезмаган.

– Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Султонмурод ОЛИМга кўра, Навоийнинг бизгача “Ғаройиб ус-сиғар, “Наводир уш-шабоб”, “Бадоеъ ул-васат”, “Фавойид ул-кибар, “Хамса”, “Лисон ут-тайр”, “Мажолис ун-нафоис”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муншаот”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Мезон ул-авзон”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Тарихи мулуки Ажам”, “Арбаъин” каби жами 4 минг 585 та асари етиб келган.

– 1469-йилда Ҳирот тахтига Ҳусайн Бойқаро келгач, Самарқандга хат йўллаб, Алишер Навоийни ўз ёнига чақириб олади. Навоий 1469-1472 йилларда муҳрдор, 1472-1476 йилларда вазир бўлиб, 1487-1488 йилларда Астробод шаҳри ҳокими бўлиб фаолият юритади. Мана шу жараёнда Алишер Навоий давлат ғазнасидан маош олган.

Бу ҳақда асл исм-шарифи Султон Муҳаммад ибн Амир Муҳаммад бўлган Ҳиротда туғилиб, 1563 йилда Ҳиндистонда вафот этган шоир, адабиётшунос ФАХРИ ҲИРОТИЙ ёзиб қолдирган. Унинг маълумотларига таяниб, Бертелснинг маълумот беришича, Ҳазрат Навоийнинг 1 кунлик даромади – 75 000 (етмиш беш минг)динор бўлган. Шундан 15 000 (ўн беш минг)динорини харажат қилган.

Келинг, энди ҳисоб-китобларга ўтамиз. Ўша пайтдаги пул бирлиги ҳисобланган 1 (бир)динорнинг қиймати (4,25) тўрт бутун юздан йигирма беш грамм олтинни ташкил этади.

Энди, етмиш беш минг динорни тўрт бутун юздан йигирма беш грамм олтин қийматига кўпайтириб оламиз. Натижада уч юз ўн саккиз минг етти юз эллик сони пайдо бўлади. Бу сонни яхлитлаганимизда уч юзу ўн тўққиз сони пайдо бўлмоқда. Бу қиймат Алишер Навоийнинг бир кунлик яъни етмиш беш минг динорнинг оғирлигини яна ҳам аниқроқ айтсак, уч юзу ўн тўққиз килограммни ташкил қилмоқда.

Жорий даврдаги ҳисоб-китобларга кўра, жаҳон бозорида 1 грамм олтиннинг баҳоси 62 долларни ташкил қилмоқда. Ана шу 62 долларни 1 динорнинг қийматига яъни (4,25) тўрт бутун юздан йигирма беш грамм олтинга кўпайтириб оламиз. Ҳосил бўлган сон 263 долларни ташкил қилмоқда.

Демак, бугунги ҳисобга кўра 1 динор = 263 долларга тенг бўлмоқда. Энди бу миқдорни ҳазрат Навоийнинг бир кунлик даромади миқдорига яъни 75 минг долларга кўпайтирамиз: (75 000*263 = 19 725 000 $) Натижада Навоий бобомизнинг бир кунлик даромади бугунги кун билан ўн тўққиз миллион етти юзу йигирма беш минг доллар эканлигини аниқлаймиз. Юқорида ҳазрат Навоийнинг кунлик харажати 15 минг динор эканлигини айтган эдик. Демак, 15 минг сонини 263 сонига кўпайтирамиз. (15 000*263= 3 945 000 $) Натижада уч миллион тўққиз юзу қирқ беш минг сони ҳосил бўлмоқда. Демак хулоса қилиш мумкинки, Алишер Навоийнинг бир кунлик харажати миқдори бугунги кун конвертациясига мувофиқ уч миллион тўққиз юзу қирқ беш минг доллар бўлар экан.

Энди бобомизнинг соф даромадини ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз. Бунинг учун (19 725 000) ўн тўққиз миллион етти юзу йигирма беш мингдан (3 945 000) уч миллион тўққиз юзу қирқ беш мингни айриб ташлаймиз. (19 725 000-3 945 000 = 15 780 000)

Демак, Навоий бобомизнинг бир кунлик харажатлардан ташқари соф даромади: ўн беш миллион етти юзу саксон минг доллар бўлар экан. Энди мазкур даромадни йиллик кўринишини шакллантирамиз. Шундай қилиб, ўн беш миллион етти юзу саксон мингни 360 сонига кўпайтирамиз.

Шу ўринда нега айнан 360, ахир бир йил 365 кундан иборат-ку, деган савол туғилиши табиий. Бунга жавоб оддий. Ҳар қандай ғайратли инсон ҳам бир йилда ҳеч бўлмаса 5 кун дам олишга ҳақли. Майли у Навоий бўлса ҳам. Демак, ўн беш миллион етти юзу саксон мингни 360 сонига кўпайтирадиган бўлсак,

(15 780 000*360=5 680 800 000) ҳосил бўлган миқдор беш миллиард олти юзу саксон миллион саккиз юз минг долларни ташкил қилмоқда.

Қизиқ, Навоийнинг даромади долларда шунча бўлиб кетмоқда. Сўмда қанчани ташкил қилар экан-а? Келинг буни биргаликда аниқлаймиз.

Демак, айни пайтда Ўзбекистонда 1 грамм олтиннинг курси 696 323 сўмни ташкил қилмоқда. Аввал таъкидлаганимиздек, 1 динор 4,25 грамм олтин қийматига тенг. 4,25 грамм олтиннинг яъни 1 динорнинг ҳозирги кундаги нархи эса 2 959 373 сўмни ташкил қилмоқда. Ҳазрат Навоийнинг 1 кунлик маоши – 75 000 динорга тенг бўлган, буни сўмга айлантирсак, (221 952 975 000) икки юзу йигирма бир миллиард тўққиз юзу эллик икки миллион тўққиз юзу етмиш беш минг сўмни ташкил қилмоқда. Бу миқдордан Навоийнинг кунлик харажатларини айириб ташлайдиган бўлсак, (177 562 380 000) бир юзу етмиш етти миллиард беш юзу олтмиш икки миллион уч юзу саксон минг сўм соф даромад ҳосил бўлмоқда. Бу соф даромад бир ойда (5 326 871 400 000) беш триллион уч юзи йигирма олти миллиард саккиз юзу етмиш бир миллион тўрт юз минг сўмни, бир йилда эса яъни 360 кунда (63 922 456 800 000) олтмиш уч триллион тўққиз юзу йигирма икки миллиард тўрт юзу эллик олти миллион саккиз юз минг сўмни ташкил қилмоқда.

Алишер Навоийнинг бойлиги фақат бу маош билан кифояланмаган. Унинг катта ҳажмдаги вақф ерлари, мулклари ва ушбу ерларда ўз маблағи эвазига бунёд этилган бино-иншоотлар, мадраса, хонақоҳлар, хайрия муассасалари, илмий-маданий бинолар ва боғлари мавжуд бўлган, бу ҳақида Алишер Навоий ўзининг “Вақфия” асарида қайд этиб ўтган.

Қизиқ жиҳати шундаки, миллиардер Навоий бобомиз, даромадининг деярли барчасини мамлакат, илм-фан, маданият ривожи ва фуқаролар таъминоти учун сарфлаган.

Жумладан, шоир Хондамирнинг қайд этишича, Алишер Навоий ўз маблағи ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 та работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурдирган. Улар орасида Ҳиротдаги "Ихлосия", "Низомия" мадрасалари, "Халосия" хонақоҳи, "Шифоия" тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган "Дорул-ҳуффоз" биноси, Марвдаги "Хусравия" мадрасаси, Машҳаддаги "Дорул-ҳуффоз" хайрия биноси ва бошқа ноёб меъморий ёдгорликлар мавжуд.

Бундан ташқари, Бойқаро болаликдаги дўстини ўзига бош вазир этиб тайинлайди ва унинг маслаҳатларига амал қилади. Шу сабабли, Навоий вазирлик қилган йиллар мамлакатда шаҳарсозлик ва санъат ривожланиб, тинчлик ҳукм суради. Ҳиротда ободонлик авж олиб, маданият ривожланади. Қолаверса, Навоий ўзи бош бўлиб, ўз чўнтагидан сувсиз ерларга сув чиқартиради. Эски ариқларни тозалаттириб, янги каналлар қаздиради. Эски биноларни таъмирлатиб, янгиларини қурдиради.

Англаганингиздек, Қуръони-Каримни ўзига дастуриламал билган, буюк тадбиркор, иқтисодчи, миллиардер ва доно раҳбар Алишер Навоийнинг нафақат ижоди, балки ҳаёти ҳам ибратга тўла бўлган.

Умид қиламизки, Навоий бобомизнинг ҳаётига оид ушбу кўрсатув, айрим қўштирноқ ичидаги раҳбарларимизга ўрнак бўлади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан