«Алишер Қодировнинг гапларини эшитиб уялиб кетдим. Уни ростдан халқ сайлаганми?»

«Алишер Қодировнинг гапларини эшитиб уялиб кетдим. Уни ростдан халқ сайлаганми?»

Олий Мажлис депутати Алишер Қодиров

Таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг Kun.uz мухбирига айтишича, у бир неча кун аввал UzAuto Motors мутасаддиларининг депутатлар билан бўлган учрашувини ОАВ орқали кузатган.

Ёзувчининг хулосасига кўра, мутасаддилар берилган саволларга ёлғон жавоб беришган.

“Жиддийроқ гапирадиган бўлсак, ҳукумат энди ўзининг ўйинларини қўйиб, бу монополист корхонани умуман қўлламаслиги керак. У чегарадаги божларни камайтириши, одамларга эркин автомобил сотиб олиши учун имконият яратиб бериши шарт, деди у.

Мурод Муҳаммад Дўст “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодировнинг мулоқотдаги ҳаракатларидан қаттиқ ранжиганини ҳам яширмади.

“Кечаги мулоқотда Алишер Қодиров деган депутатнинг гаплари, ҳаракатларини эшитиб-кўриб жуда уялиб кетдим. Йигит кишида озгина ғурур бўлиши керак. Агар у адолатни ҳимоя қилолмаса ақалли жим турса маъқулроқ бўлар эди. Халқ сайлаган вакил халққа очиқдан-очиқ жабр қилаётганлар тарафини олиши нимани англатади? Ва умуман, уни ростдан ҳам халқ сайлаган эдими?”, – деди у.

UzAuto Motors ҳақиқий рақобатга кучи етса бозор қоидалари бўйича ишласин. Рақобат бўлмас экан, эски ўйинлар қиёмат қадар давом этаверади”, – деди Мурод Муҳаммад Дўст.

 

Аввалроқ, «UzAuto Motors»  АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар нархлари расман оширилгани маълум қилинган эди. Бу ҳабар кенг жамоатчилик вакиллари, депутатлар, журналист ва блогерлар, шунингдек бутун халқ тарафидан жуда салбий қарши олинди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. 

Кейинроқ, UzAuto Motors мутасаддилари депутатлар билан учрашувди. Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда автомобиллар нархи оширилганига ўз муносабатини билдирди.

"Мана кўряпсизлар, автосаноатимиз раҳбарлари машиналар нархини оширишга қарор қилгани одамларнинг норозилигига сабаб бўлди. Бу иқтисодий жиҳатдан керакдир, лекин ҳозирги шароитда тўғри эмас," деди президент.

МАВЗУГА ДОИР: «UzAuto Motors» халққа ошноми ёки бу «Камбағални туяни устида ҳам ит қопади» деганими?​