«Алло, мен 21-асрдан телефон қиляпман»

«Алло, мен 21-асрдан телефон қиляпман»

2009 йил, Нагоя шаҳри, Япония. Японларнинг рамен (лағмон) овқатини тайёрловчи ва фақат роботлар хизмат кўрсатувчи FuA-Men Restaurant номли ресторан очилди.

Бунда ошпаз – робот. У сиздан буюртмани қабул қилиб, раменни тайёрлаб, сузиб беради.

2020 йил, АҚШ. Илон Маск бошчилигидаги SpaceX корпорацияси деярли бутун Ер сайёрасига юқори тезликдаги интернет етказиб беришга қодир Старлинк лойиҳасини ишга тушириш арафасида.

2020 йил, Ўзбекистон, Миллий банк – бир томонда. Иккинчи томонда – мен, Испаниядаман. Менга Миллий банкнинг Мирзо Улуғбек филиалидан очган ҳисоб рақамим ва ундаги маблағлар ҳақида маълумотнома керак.

Уларга телеграм орқали боғланаман (мижозлар учун телеграм гуруҳи ҳам очишган).

Мен: Менга ҳисобимдаги маблағларим ҳақида маълумотнома керак. Электрон шаклда.

Ходим: Электрон шаклда маълумотнома бермаймиз. Офисимизга келишингиз керак.

Мен: Офисга бора олмайман. Ўзим Испаниядаман. Шундоқ самолётга ўтириб бориб келмоқчи бўлсам, қатнов ҳам йўқ. Бориш имконсиз. Шуни электрон шаклда қилиб беришнинг имкони бордир?

Ходим: Буни мен ҳал қилмайман, мана бу кишига ёзинг-чи (бошқанинг аккаунтини беради).

Мен: Ассалому алайкум. Ҳозир Испаниядаман.... (вазиятни тушунтираман).

Ходим: Электрон маълумотнома бермаймиз. Офисга шахсан келишингиз керак.

Мен: Яна бир бор Испанияда эканим, боролмаслигимни айтаман.

Ходим: Билмадим. Буни мен ҳал қилолмайман. Сизга Мирзо Улуғбек филиали ходимларининг контактини бераман. Боғланиб кўринг (контактини беради).

Мен: Яна навбатдаги ходимга ёзиб, вазиятни тушунтираман.

Ходим: Буни филиал ҳал қилмайди. Марказий офисга ариза ёзинг. Эмаили орқали: [email protected] Шунга эмаил ёзиб, паспортингизни илова қилинг. Улар бизга юборса, қилиб берамиз.

Эмаил ёзаман. 1 ҳафта ўтади – жавоб йўқ. Эмаилимни ўқишмаган ҳам бўлса керак. Яна эмаил ёзинг деган ходимга ёзаман: «Эмаил ёзгандим, сизларга нимадир дейишмадими?». Ёзганимни ўқийди, жавоб ёзмайди.

Бўпти, ҳали юборишмагандир, дейман. 1-2 кундан кейин сўраб, такрор ёзаман. Яна ёзганимни ўқийди, жавоб бермайди. «Йўқ, эмаилингизни юборишмади» ёки «Юборишди, лекин қилиб бермаймиз», деб ёзса, осмон узилиб ерга қулаб, бутун инсониятни босиб қолса керак.

Кейин яна Миллий банкдаги бошқа ходим билан боғланиб, уларга эмаил ёзганимни, эмаилимни ўқиган ёки ўқишмаганини сўрайман. У эмаилга қарамаслигини, эмаилларга масъуллардан телефон қилиб сўраб беришини айтади.

«Эмаил ёзиб, эмаилимни ўқишлари учун телефон қилиб айтиш керак экан. Шунақаси ҳам бўладими?», – ўйлайман. Бақириб кулиб юборай дейман. Балки йиғлаб юборай дегандирман, хуллас, ноаниқ ва мужмал туйғу.

«Хўп», деб ходимга аниқ эмаилларга масъул шахсга етказишини илтимос қиламан. Унга жонбозлиги учун раҳмат ҳам айтаман.

Шу билан бу ходим ҳам алоқадан узилади. «Ўқишибдими?» деб ёзаман, жавоб ёзмайди. 2-3 кун ўтиб такрор сўрайман, яна жавоб ёзмайди.

Охири чиқмаган жондан умид, деб Мирзо Улуғбек филиалига телефон қиламан.

Мен: Алло, ваалайкум ассалом. Хуллас, Испаниядаман.... Ҳаммасини қайтадан тушунтираман.

Ходим: Электрон маълумотнома бера олмаймиз, офисга келишингиз керак. Чунки тўлов қилишингиз керак маълумотнома учун.

Мен: Тўловни бормасдан қила оламан. Картангизга ўтказиб беришим мумкин ёки ўзларингиз банкдаги ҳисобимдан хизмат ҳақи сифатида ечиб олишларингиз мумкиндир.

Ходим: Йўқ, бари бир бўлмайди. Айнан сиз эканингизга ишонч ҳосил қилишимиз керак.

Мен: Видео қўнғироқ қилишим мумкин. Ўзимни, паспортимни, сизлардан очилган виза картамни видеода кўришларингиз мумкин.

Ходим: Буни иложи йўқ.

Мен: Нега?

Ходим: Мен билмайман. Онлайн маълумотнома бера олмаймиз, хуллас. Марказий офисга телефон қилиб кўринг.

Марказий офисга телефон қиламан. Вазиятни яна тушунтираман. Шахсимни видео орқали тасдиқлашим мумкинлигини айтаман. Ходим «бир оз кутиб туринг», деб каттароқ лавозимдаги масъулдан сўрагани кетади. 20 дақиқага яқин кутаман.

Ходим: Алло, шу ердамисиз? Электрон маълумотнома беролмас эканмиз. Муаммони ҳал қилишнинг икки усули бор. Биринчиси – кимнингдир номига ишончнома юбориб, олишингиз мумкин. У сизнинг номингиздан банкка келиб, маълумотномани олиши мумкин. Ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Мен ичимда ўйлайман: Бу ерда ишончномани нотариал тасдиқлатишим учун инглизча ёзишим керак. Кейин уни почтадан юборишим керак. Энг тез почтадан юборсам ҳам 3-5 иш куни ичида етиб боради. Бугун пайшанба. Почта шанба, якшанба куни ишламаслигини ҳисобга олсак, 1 ҳафтада етиб боради. Кейин Мирзо Улуғбек филиали инглиз тилидаги ишончномани қабул қилмаслиги мумкин. Уни ҳам ўзбекчага таржима қилдириб, нотариусдан тасдиқлатиш керак. Хуллас, 10 кун керак камида. Бўлмас экан. Менга 2-3 кунда керак.

«2-3 кунда керак экан, нега эртароқ ҳаракат қилмадинг?» деяпсизми? Ҳаракатни 40 кунча олдин бошлаганман. Ходимлар мени бир-бирига «йўллаши», жавоб кутишим, «21-асрда онлайн маълумотнома бериш имконсиз бўлмаса керак» деган ўта некбин ўйим ва ҳ.к.лар билан 40 кун ўтиб кетди орадан.

Мен яна сўрайман: Иккинчи усул қанақа экан?

Ходим: Испаниядаги ҳисоб рақамингизга Миллий банкдаги пулларингизни ўтказиб, ўша ердаги банкдан маълумотнома олсангиз бўлади.

Мен ичимда ўйлайман: Нима? Нима деяпти бу? Банк мижозга «пулингни олда, даф бўл», деяптими? Шунақа бўлиши ҳам мумкинми? Банк мижоз пулни айнан унга қўйиши учун курашиши, қон кечиб курашиши керакку!

Ходимни сўкким келади. Лекин ундай қилмайман. Айб унда ҳам эмас, банк тизими ва унга масъулларда. У оддий оператор бўлса, нима дейилса, ўшани бажаради. Юқоридаги оригинал усулларни ҳам юқоридаги каттакони ўргатиб юборган.

Раҳмат айтиб, телефонни ўчираман.

Ўзимни 21-асрдан туриб 19-асрга телефон қилгандек ҳис қиламан. Миллий банк маълумотномасини бутунлай хаёлимдан чиқариб, ҳужжатларни ҳал қилишнинг бошқа усулларини қидира бошлайман.

П.С. Ходимлардан бири чин дилдан ёрдам бермоқчи бўлди. Кўп кишилардан сўради, бошқа ходимларга улаб берди. Лекин ҳал бўлмади. Унга алоҳида раҳмат айтмоқчиман.

Блогер Мақсуд Саломов
Манба

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.