Америка “отаси”нинг фазилатлари

Америка “отаси”нинг фазилатлари

Америка давлатига асос солган "Оталар"дан бири бўлган муҳим сиёсий ва тарихий шахс Бенжамин Франклик ҳаётини ўқиб чиқдим. Таниқли ёзувчи Уолтер Айзиксон қаламига мансуб бу асардан ўзим учун кўп маълумотларни кашф қилдим. Биргина шахс мисолида АҚШ давлати тарихи билан ҳам танишгандек бўлдим.

Бенжамин Франклин моҳир дипломат ва сиёсатчи бўлишдан ташқари қалами ўткир ёзувчи ҳам бўлган экан. Дастлаб босмахоналарда оддий терувчи бўлиб ишлайди. Бу ҳунарнинг сир-синоатларини ўрганади. Кейин эса ўзи ҳам Филаделфияда газета ва китоб нашриётига асос солади . Шунинг кетидан бойиб кетади. Почта хизматига раҳбар бўлгандан кейин бизнеси гуллаб яшнайди. Ўта меҳнаткаш бўлади ва тежамкорона, камтарона яшайди. Америкадаги баъзи миллиардерлар шу сифатни Франклиндан олганмикан дейман.

Бенжамин Франклин ўзи диндор бўлмаса ҳам диннинг ижтимоий аҳамиятини жуда яхши англаган ва ундан моҳирона фойдаланган экан. Насроний хутбачининг якшанбалик нутқларини газетасида босар, тўплаб китоб шаклида чиқарар эди.

Унинг динга муносабати ҳам ўзига хос бўлган. Динни мураккаб назариялар, догмалар тўплами эмас, кундалик амал қилинадиган ахлоқий қўлланма сифатида ишлатишни ёқлаган экан. Умуман ҳамма нарсага амалий қараган .

Фан соҳасида ҳам Галилей ёки Нютондек назариётчи эмас балки экспериментлар орқали ўрганган кашфиётчи бўлганини кўриш мумкин. Кўплаб амалий кашфиётлар қилган экан.

Унинг ҳаёти ва фаолияти билан танишарканман, ҳозирги кунда бизга ҳам худди шундай ёндашув зарурлигини англайман. Чунки, ҳаётимизга ҳеч қандай дахли бўлмаган мураккаб ва мавҳум ақидавий ихтилофларга ўралашиб қолганмиз. Бундай низоларни четга суриб, Исломий таълимотларга ҳақиқий амал қилиб яшасак бўлмайдими? Зотан, қуруқ ақийдапарастликдан бир наф кўрмаяпмиз.

Бу китобдаги яна бир муҳим жиҳатлардан бири: сўз эркинлиги Америкада 1700 йиллардаёқ қадриятга айланиб улгурган экан. Ўша пайтдаги газеталарда рақиб сиёсатчилар бир бирининг пўстагини қоқаркан.

Лекин афсуски бизда эса сўз эркинлиги йўқолганига неча асрлар бўлиб кетди. Энг қуйидан тортиб энг юқоригача сўз эркинлигини бўғамиз, муаммоларни хаспўшлаймиз, палос остига яширамиз. Шунинг учун ҳам сиёсий тизимларимиз ҳам беқарор. Бутун халқнинг тақдири биргина шахснинг қош-қовоғига қараб қолган даврларда яшадик.

Бизда очиқ мунозара қилиш маданияти йўқ. Кимдир танқид қилса дарров душманимизга айланади. Ҳолбуки, ўша пайтлардаёқ АҚШда бир-бирини сўз билан чақиб олса ҳам ўзаро қирпичоқ бўлмаган экан. Мухолиф сиёсатчилар бир- бирининг зарбасини кўтарган, ўртачада ҳамма ютган. Ҳақиқат ва адолат қарор топиб кетаверган экан.

Менимча, мусулмонлар ҳам демократияни буткул қоралаб ташламай ундаги ижобий механизмлардан фойдаланишни, ўз манфаатлари йўлида ишлатишни ўрганишса зарар қилмайди. Ҳозирги мусулмонларда ташкилотчилик, лидерлик ва бошқарув малакаси ўта заифлашиб кетган. Битта олим мингта омидан афзал дейилади. Лекин Франклин ҳаётини ўқиб мушоҳада қиларканман, битта ҳақиқий лидер юзта олимдан афзалга ўхшаб қолмоқда. Чунки, мураккаб ва қалтис вазиятларда шахсий манфаатини четга суриб умумий манфаат сари ҳаммани бирлаштирувчи, муросага ундовчи, узоқни кўра билувчи лидерларга жудаям муҳтожмиз.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.