Америка Хитой гигантлари учун ўз бозорини ёпяптими?

Америка Хитой гигантлари учун ўз бозорини ёпяптими?

АҚШ Сенати хорижий компаниялардан шаффофлик ва ҳисобот стандартларига риоя қилишни талаб қиладиган қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллади. Ҳужжат Америка биржаларида Хитой компанияларининг, хусусан, Alibaba ва Baidu гигантларининг иштирокини чеклаши мумкин.

Қонун лойиҳасини республикачи сенатор Жон Кеннеди ва демократ Крис ван Ҳоллен ишлаб чиқди. Ҳужжат ҳали Вакиллар палатаси, кейин эса АҚШ президенти томонидан маъқулланиши керак.

Қонун лойиҳасига кўра, компания Қўшма Штатларда рўйхатга олиниши учун у ҳукуматлар томонидан уларга тегишли эмасликларини ёки улар томонидан назорат қилинмаслигини исботлашлари ёхуд АҚШ жамоат компанияларининг молиявий жавобгарликлари бўйича Кузатув кенгаши (PCAOB)дан камида уч йил кетма-кет ҳисоботларини аудитдан ўтказиши керак. Акс ҳолда, уларга АҚШ биржаларида рўйхатдан ўтиш тақиқланади ва АҚШда аллақачон савдо қилаётганлар уларни тарк этишга мажбур бўлади.

Ҳозир Хитой компаниялари Америка компанияларига нисбатан қўлланиладиган қоидаларга амал қилмайдилар, бу сармоядорлар учун хавфларни оширади, деб ёзади лойиҳа муаллифлари. Хитой ҳукумати Хитой ва Гонконгда рўйхатдан ўтган компаниялар учун PCAOB текширувларига рухсат бермайди.

Ҳозир АҚШда умумий қиймати $1,2 трлн. бўлган 150 дан ортиқ Хитой компанияларининг аксиялари билан муомала қилинади. 2014 йилда Нью-Йорк фонд биржасида ўтказилган Alibaba Group'нинг IPO'си биржа тарихидаги энг йириги бўлган эди.