Америкалик ҳарбийлари Ўзбекистонда заҳарли моддалар таъсирига туширилган бўлиши мумкин

Америкалик ҳарбийлари Ўзбекистонда заҳарли моддалар таъсирига туширилган бўлиши мумкин

АҚШ Конгресси қуйи палатасининг Назорат ва давлат ислоҳоти бўйича кичик қўмитаси раиси Стивен Линч (Массачусетс штатидан, демократ) ва конгрессмен Марк Грин (Теннесси штатидан, республикачи) Пентагоннинг ошкор қилинган ҳужжатларини эълон қилди. Унда қайд этилишича, Америка ҳарбийлари 2001-2005 йилларда Ўзбекистоннинг Қарши шаҳридаги Хонобод ҳарбий авиабазасида хизмат қилган вақтларида заҳарли моддалар таъсирига туширилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда қўмитанинг расмий сайтига жойлаштирилган ахборотномада сўз боради.

ТАСС нашрига таяниб, Kun.uz'нинг хабар беришича, ҳужжатга мувофиқ, АҚШ мудофаа вазирлиги 2001, 2002 ва 2004 йилларда Ўзбекистонда ҳарбий хизматни ўтаганларнинг саломатлиги учун хатарли бўлган экологик хавф ўрганилган тадқиқот натижасини тақдим этган. Натижада Линч ва Грин Қарши яқинидаги ҳарбий авиабазада хизмат қилган ҳарбийларни зарурий даволаниш билан таъминлаш учун барча ҳужжатларни очиқлашни талаб қилишди.

Унда таъкидланишича, 2001 йилда аэропорт тупроғи таркибида авиация ёнилғиси кўп миқдорда бўлган, унинг буғланиши эса, «инсон нафас олганида унинг саломатлиги учун ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин» бўлган. Бундан ташқари, америкалик ҳарбийлар, Ўзбекистондаги базада бўлишлари давомида радиация таъсирига учраган бўлишлари мумкин.

АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари вакили, айни қўмита саволларига шу йилнинг февраль ойида жавоб берар экан, ҳарбий хизматчилар бундай хатардан огоҳлантирилмаганини билдирганди. «Заҳарли моддаларнинг таъсири хусусида брифинг ўтказилмаган, ҳимоя воситаларини қўллаш бўйича тавсиялар берилмаганди», - дея қайд этилган ахборотда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг жанубидаги Хонобод ҳарбий авиабазаси 2001-2005 йилларда АҚШ кучларининг моддий-техник таъминоти базасини ўтаган.