Амстердамда тўртинчи жўнатма ҳам портлади

Амстердамда тўртинчи жўнатма ҳам портлади

©️ NU.nl

Ҳисоб бўйича ичида портловчи жиҳоз бўлган тўртинчи жўнатма Нидерландия пойтахти Амстердамда портлади

Қайд қилинишича, портлаш натижасида ҳосил бўлган тутундан у қабул қилиб олинган почта бўлинмасида бир киши жабрланган. Айни пайтда ҳодиса жойида тез ёрдам хизмати ва полиция ходимлари фаолият олиб боряпти. 

13 феврал, пайшанба куни худди шундай, ичида портловчи жиҳоз бўлган конверт Нидерландиянинг Лёсден шаҳрида, 12 феврал куни эса Керкрад ва Амстердамги почта бўлинмаларида қабул қилинган ва портлаб кетган эди. 

Полициянинг таъкидлашича, портловчи жиҳозлар инсон ўлимига сабаб бўлмайди, аммо жиддий шикастланишга сабаб бўлиши мумкин. Терговчиларнинг фикрича, бу ҳаракатлар ортида бир ёки бир нечта киши турибди. Аммо ҳалигача аниқ бир гумондор топилмаган. 

Шу каби шубҳали жўнатмалар тўлқини 2019 йил январида Австралияда кузатилганди. Ўшанда Мелбурндаги турли давлатларнинг элчихона ва консуллик хизматларига 10 та шубҳали жўнатма юборилган, оқибатда дипломатик ваколатхона ходимлари зудлик билан бинолардан олиб чиқилган. 

Германия, Италия, Ҳиндистон, Испания, Буюк Британия, Швеция ва Жанубий Корея дипломатик идораларига келган жўнатмалар устига “Очишдан олдин ниқобни тақинг”, деб ёзилган бўлган. Аммо полиция бу жўнатмаларни текширганида жиддий бирон нарса топа олмаган, элчихона ва консулхона ходимлари икки соатдан кейин иш жойларига қайтган. 

Ўшанда ҳам бу жўнатмаларни ким ва нима мақсадда юборганини аниқлаш имкони бўлмаган.