Андижон ҳокими коронавирусдан даволанаётган беморларнинг ҳолидан хабар олди (фото)

Андижон ҳокими коронавирусдан даволанаётган беморларнинг ҳолидан хабар олди (фото)

Шуҳратбек Абдураҳмонов коронавирусдан даволанаётган бемор билан суҳбатлашмоқда / Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов кеча, 25 сентябрь куни коронавирус беморлари учун Андижон шаҳрида ташкил этилган вақтинчалик тақсимлаш марказида бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, марказ 2020 йил 7 сентябрда ташкил этилган бўлиб, 200 ўринга мўлжалланган. Муассасада қўшимча мини кислород заводи ўрнатилган бўлиб, 168 нафар беморга кислород нуқталари ажратилган, 22 нафар беморларга эса кислород концентратори билан сунъий нафас берилади. Муассасада 18 нафар малакали шифокорлар 32 нафар ўрта тиббиёт ходимлари, 26 нафар кичик тиббиёт ходимлари ҳамда 3 нафар бошқа ходимлар фаолият юритмоқда.

Муассасада вилоят ҳокими “COVID-19” касаллиги билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатаётган даволаш-профилактика муассасалари раҳбарларига касалликни олдини олиш ва беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат, тиббий таъминот, куз-қиш мавсумга тайёргарлик ҳолатлари бўйича керакли топшириқлар берди.

Беморлар билан малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни самарали ташкил этиш ва ахборот алмашинувини яхшилаш мақсадида ҳар бир муассаса масъулларига планшетларни топширди.

«Бундан ташқари муассасада даволанаётган 120 нафарга яқин беморлар билан суҳбатлашиб, уларнинг аҳволлари билан қизиқди» - дейилади ҳокимлик хабарида.