Андижон вилояти ҳокими бир овоздан яна бир лавозимга сайланди

Андижон вилояти ҳокими бир овоздан яна бир лавозимга сайланди

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси Андижон вилоят бўлимининг навбатдаги Конференцияси бўлиб ўтди. Вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов раислик қилган йиғилишга кун тартибидаги 3 та масала Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси Андижон вилоят бўлимининг раҳбари ва ижрочи директорни сайлаш, Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси Андижон вилоят бўлимининг янги таркибини тасдиқлаш ҳамда вилоятда аралаш жанг санъатлари спорт турининг оммавийлигини ошириш масалалар кўриб чиқилди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, конференцияда Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси Андижон вилоят бўлими раҳбари лавозимига вилоят ҳокими Абдурахмонов Шуҳратбек номзоди овозга қўйилди.

Шуҳратбек Абдурахмонов номзоди делегатлар томонидан очиқ овоз бериш йўли билан бир овоздан маъқулланиб, Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси Андижон вилоят бўлими раҳбари лавозимига сайланди, дейилади ҳокимлик хабарида.

Ассоциацияга ижро директор этиб Тўйчиев Нозимжон тасдиқланган. Шунингдек, Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси Андижон вилоят бўлимининг янги таркиби ҳам конференция иштирокчилари томонидан тасдиқланди.