Андижон воқеалари бўйича расмийлардан икки хил фикр – Энди тинч аҳолига ўқ узилгани рад этилди (видео)

Андижон воқеалари бўйича расмийлардан икки хил фикр – Энди тинч аҳолига ўқ узилгани рад этилди (видео)

2005 йилги Андижон воқеалари вақтида бир жойда юз берган отишма оқибатида 100 киши ҳалок бўлган — улар орасида ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳам, жангарилар ҳам бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВнинг собиқ раҳбари, айни вақтда мамлакат ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов «Kun.uz»га берган интервьюсида айтиб ўтди.

"Мени 2005 йилги Андижон воқеаларининг сабабчиси деб кўп танқид қилиб гапиришади. Мен буни очиқ-ойдин гапираман. Ҳа, мен ўша ерда штаб бошлиғи бўлганман, қарорни мен қабул қилганман. Лекин ким Андижонга қурол кўтариб келди? Ким чегарадан қурол билан ўтди? Хўп, унинг ичида Андижон халқидан ҳам вакиллар бўлган. Ким ИИВга қарашли пост-патруль хизмати идорасини ўққа тутиб, у ерни эгаллади, қурол-яроғга эга чиқди? Ким ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, у ердаги қурол-яроғни олди? Ким тергов ҳибсхонасига ҳужум қилиб, 500 дан ортиқ ашаддий жиноятчиларни чиқариб юборди? Ким ҳокимлик биносини эгаллаб, унга ўт қўйди? Ким 100 га яқин суд-ҳуқуқ тизимидаги ходимларни қўлга олиб, тутқунда ушлаб турди, кўпини қатл этишди? Мақсад нима эди? Хўш, ҳукумат нима қилади, қараб туриши керакми?

Биз уларга: «Чиқиб кетинглар», дедик. Адашмасам, 34 нафар милиция ходими ҳалок бўлди. Прокуратура ходимлари, тез ёрдам машинаси ходимлари отиб ташланган. Одамларни бўйнига сиртмоқ солиб, шаҳардан олиб чиқиб кетмоқчи бўлишган. Биз шуларга: «Чиқиб кетинглар», дедик. Баъзилар: «Тинч аҳолига ўқ узилган», дейди. Йўқ! 12 соат олдин уларнинг 600—700 га оила-аъзоларини Андижондан чиқариб, Қирғизистонга ўтказиб юборганмиз.

Булар (террорчилар) келаётганда ҳарбий қисм ходимларидан бир капитанни отиб қўйишган. Шундай ҳолатдан кейин ҳарбийлар, оддий аскарлар нима қилади? Икки томон ўртасидаги отишма сабаб бир жойда 100 киши ҳалок бўлган. Уларнинг ичида бизнинг ходимлар ҳам, террорчилар ҳам бўлган. Жами 187 киши ҳалок бўлган. Бу аниқ рақамлар, Аллоҳнинг олдида рост гапни гапираман.

«Ўзбекистондаги воқеани ёритамиз», деб ўша куни 30 га яқин журналист Ўш вилояти чегарасида турган. Қирғизистоннинг чекка бир шаҳарчасида қаердан пайдо бўлиб қолди улар? Тўғрими? Бу уюштирилган, Ўзбекистонда фуқаролар урушини келтириб чиқаришга қаратилган воқеа эди ҳаммаси" - деди собиқ ички ишлар вазири.

Аввалроқ Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова «Qalampir.uz» нашрига берган интервьюсида журналистнинг «Тинч аҳолига нисбатан ўқ узилгани ҳақидаги гаплар ҳам ҳақиқатга яқин» деган гапини «Албатта», дея тасдиқлаб, «шунинг учун ҳам ўша одамлар жиноий жавобгарликка тортилгани»ни маълум қилган эди.

Бош прокурор ўринбосари Андижон воқеаларида тинч аҳолига ўқ узилганини тасдиқлади (видео)

Қуйида Светлана Ортиқованинг нашр мухбирининг саволларига берган жавоблари келтирилади.

— Андижон воқеаларида давлат ҳарбийлари тинч аҳолига нисбатан ўқ узганми?

— Баъзи бир жиҳатлар орқали қуролни ишлатиш номутаносиб бўлган.

— Яъни тайёргарлиги бўлмаган?

Алоқа воситалари шир-шир бўлган. Вақтида айтилган, жой очилган, Қирғизистонга чиқиб кетишсин улар дейилган. Алоқа воситалари яхши ишламаган. Вақтида командир у ё бу топшириқни англамаган. Тайёргарлик бўлмаган. Сабаблар кўп.

— ...ва бўлиб ўтган. Тинч аҳолига нисбатан ўқ узилгани ҳақидаги гаплар ҳам ҳақиқатга яқин.

Албатта. Шунинг учун ҳам ўша одамлар жиноий жавобгарликка тортилган. Буни ҳам овоза қилганман. Ҳатто жазосини ўтаб келиб, тинч ҳаётда яшашяпти.

— Улар лавозимдагиларми?

— Лавозимдагилар ҳам бор эди. Қанча киши лавозимидан жудо бўлган. Бизнинг ҳам хатомиз бор эди ва Ортиқова ўша вақтларда ҳар бир ҳисоботни «Бизнинг ҳам хатомиз бор эди» деган гап билан бошларди.

“Албатта, ўша вақтда жуда қийин аҳвол бўлган. Ҳозир бу воқеаларни эсласам, эркак киши бўлсангиз ҳам йиғлаб юборасиз.

Бу билан нима демоқчиман: агар мен ўзимнинг гапимга ишонмасам, агар мен қонунга таянмасам, Конституция мени негизим ва ҳаётим бўлмаса, мен ҳеч қачон гапирмайман ва майдонга чиқмайман. Мен ўзим терговда қатнашганман, Андижонга бориб, ўз кўзим билан кўрганман, айбланувчилар билан гаплашганман, жабрланувчилар билан гаплашганман, бевосита тергов жараёнида қатнашган аёл сифатида айтаманки, ҳақиқатан бу террористик хуруж эди”, — дейди Светлана Ортиқова ўша кунни хотирлаб.

Маълумот учун, Андижонда 2005 йил 13 май куни юз берган воқеалар оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 187 киши ҳалок бўлган — шундан 60 нафари тинч аҳоли вакиллари (уларнинг ичида икки нафар вояга етмаганлар ва бир нафари аёл) эди. 287 нафар киши, жумладан, 91 нафар тинч аҳоли вакиллари, 49 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва 59 нафар ҳарбий турли даражадаги тан жароҳатлари олган.