Андижонда 1502 нафар ов қуролига эга фуқаролар текширилди

Андижонда 1502 нафар ов қуролига эга фуқаролар текширилди

Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати

Фуқароларга тегишли бўлган қуролларнинг сақланиши ва улардан фойдаланилиши устидан назоратни кучайтириш, қурол билан боғлиқ турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тарғибот тадбирлари самарадорлигини ошириш мақсадида Андижон вилоят ҳудудида «Қурол» махсус профилактик тадбири ўтказилмоқда.

Андижон вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, тадбирдан кўзланган асосий мақсад фуқаролар томонидан шахсий қурол ва унинг ўқ-дориларини сақлаш ҳамда фойдаланиш тартибларига риоя этилишини текширишдир.

Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати

Тадбирга жами 859 нафар ички ишлар органлари ходимлари ва 16 нафар овчилик жамияти ишчи-хизматчилари ҳамда жамоатчилик вакиллари жалб қилиниб, ҳозирга қадар вилоят бўйича 1502 нафар ов қуролига эга шахслар томонидан қурол ва ўқ-дориларни сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилаётганлиги бўйича текширувлар ўтказилди. Улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, ушбу қоидалар бўйича яна бир маротаба тушунтириш ишлари олиб борилди.

Текширувлар давомида қуролни сақлаш ва олиб юриш қоидаларини бузган 68 нафар фуқароларга нисбатан МЖтКнинг 221-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Вилоятда ўтказилаётган тадбир давомида фуқаролар ўртасида ўзларида сақлаётган ноқонуний ўқотар қуролларини ихтиёрий равишда ИИБга топшириш тўғрисида олиб борилган профилактик-тушунтириш ишлари натижасида 2 нафар фуқаро томонидан ов қуроллари ихтиёрий равишда ИИБга олиб келиб топширилган.

Қурол сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича асосий қоидалар:

  • қурол ва унинг ўқ-дорилари қурол эгасининг доимий яшаш жойида сақланиши лозим;
  • овчилик бадали ва давлат божини ўз вақтида тўлаб бориш;
  • қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини берувчи рухсатноманинг амал қилиш муддатига доимий риоя қилиш талаб этилади.