Андижонда 7 ёшли болакайнинг кўрсатмаси жиноятни фош қилди

Андижонда 7 ёшли болакайнинг кўрсатмаси жиноятни фош қилди

2021 йилнинг 27 февраль куни соат 19:15 ларда номаълум шахс “Спарк”  автомашинасида Олтинкўл тумани Кўмакай МФЙ ҳудудида йўл четида кетаётган 1-синф ўқувчиси Асадбек Б.,нинг олдида тўхтаб, уни қўлидаги нархи 450.000 сўмлик “RedMi-5” русумли уяли телефонини қўнғироқ қилиб олиш учун олиб, ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Воқеа ҳақида хабар берган ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича,  7 ёшли  Асадбек Б., ушбу “Спарк” русумли автомашинанинг давлат рақамини эслаб қолиб отасига маълум қилган. Болакайнинг факти асосида олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни 23 ёшли Ҳусниддин Р., содир этганлиги аниқланган. У ўз хоҳиши билан талончилик орқали қўлга киритган уяли телефон аппаратни Асадбек Б.,нинг отасига олиб бориб берганлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтинкўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ҳусниддин Р.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 1-қисми (Талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов давом этмоқда.