Андижонда аёл ИИБ ҳудудидаги сув минорасидан ўзини ташламоқчи бўлди

Андижонда аёл ИИБ ҳудудидаги сув минорасидан ўзини ташламоқчи бўлди

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида аёл ички ишлар бошқармаси ҳудудидаги сув минорасидан ўзини ташламоқчи бўлди. «Daryo» ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБга мурожаат қилди.

Хабарга кўра, ҳолат 2021 йил 19 февраль куни Шаҳрихон тумани ИИБ ҳудудида содир бўлган.

«Мазкур вазият бўйича Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилди. Аниқланишича, шу пайтга қадар 7 маротаба судланиб, маъмурий назоратда бўлган фуқаро М.К.га нисбатан Шаҳрихон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 226-моддаси 1-қисми (Устидан маъмурий назорат ўрнатилган шахснинг маъмурий назорат қоидаларини бузиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари ўтказиш мақсадида 2021 йилнинг 19 февраль куни ушбу фуқаро туман ИИБга чақирилган.

У ўша куни туман ИИБга турмуш ўртоғи В.М. билан бирга келган. М.К. билан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган вақтда туман ИИБ биносининг кутиш залида қолган рафиқаси В.М. ўзининг эътирозларини маълум қилиш мақсадида ИИБ ҳудудида жойлашган сув минорасининг устига чиқиб олган. У ‘Эримни жавобгарликка тортмайсан’, деган талабини айтиб, ўзини сув минораси устидан ташламоқчилигини таъкидлаган», дейилади ИИБ ахборотида.

Таъкидланишича, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида М.К.нинг турмуш ўртоғи В.М. сув минорасининг устидан пастга туширилган ва улар яшаш уйига жўнатиб юборилган. Ҳозирда М.К.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда ва фуқаро тергов жараёнига уйидан қатнамоқда.