Андижонда ИИБ ходими шифокорни калтаклагани айтилмоқда (видео)

Андижонда ИИБ ходими шифокорни калтаклагани айтилмоқда (видео)

Андижон вилояти Андижон туманида шифокор ва фуқаро ўртасида муштлашув содир бўлди. «Замон» ахборот дастури'га таяниб, Дарё.узнинг маълум қилишича, шифокорни Ички ишлар ходими калтаклаган. Лекин Бош прокуратура ва Андижон вилояти ИИБ эса шифокор билан муштлашган шахс ИИБ ходими эмас, балки туман ИИБ тезкор вакили вазифасида ишловчи шахснинг акаси экани маълум қилинган.

«Севимли» каналининг ҳодиса бўйича ахбороти

Телеканалнинг «Замон» ахборот дастурида маълум қилинишича, Андижон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 3-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида шифокор Й.О. ва Ички ишлар ходими деб айтилаётган фуқаро Ғ.М. билан муштлашув содир бўлган. Дастур мухбиринг таъкидлашича, шифокорни калтаклаган шахс ўзини ИИБ ходим сифатида таништирган.

 

Воқеага гувоҳ бўлган шифокор ҳолатни қуйидагича баён қилади.

«Хонам очиқ эди. Бир пайт 'Ким бу?ʼ, деб бақириб қолди. Кейин чиқиб ʼЎт қўйиб юбориш керак бу ерга, ходимлари билан ўт қўйиб юбориш керак. Мен Ички ишларда ишлайман, биласизларми мен ҳазилакам одам эмасман, куйдирвораман, ёндирвораман дебʼ, бақирди.

Бир пайт 'учаскавойʼ келди. У ҳам келиши биланоқ шифокорга бақириб кетди. Ички ишларда ишлаган таниши эканми, билмадик.

Биз ҳам иложи борича шу халқнинг хизматини қилишга ҳаракат қиляпмиз», дейди гувоҳ.

Воқеа иштирокчиси, шифокор Й.О. ҳам воқеа ҳақида гапириб берди.

«Кўригимга кирган аёл "Менга эшикни ёпиб қўй, деб бақирган бола шу бўлади" деди. Кейин (ИИБ ходими) 'Юр, сен билан гаплашамизʼ, деб хонага олиб кирди. Ичкарида ўзаро келиша олмай қолдик. Бироз назоратдан чиқиб кетиб қолдик.

Ҳозир менинг умумий аҳволим яхши, тан жароҳат олмаганман. Иккинчи томон билан ҳам ўзаро келишиб олганмиз. Шикоятларим йўқ», – дейди шифокор.

Бош прокуратура муносабати

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 2020 йил 29 август куни соат 17:30 ларда Андижон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 3-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида юз берган. Шу куни навбатчилик қилаётган умумий амалиёт шифокори Й.О. Андижон тумани «Кенгаш» МФЙда яшовчи, 1980 йилда туғилган Ғ.М.нинг уч яшар жиянини коронавирус пандемияси билан гумон қилинган шахсларни жойлаштирувчи изоляция хонасида қабул қилмоқчи бўлади. Бундан жаҳли чиққан Ғ.М. навбатчи шифокор Й.О. билан ўзаро жанжаллашиб кетади ва уни уриб, тан жароҳати етказади.

Мазкур ҳолат бўйича олиб борилаётган терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида Ғ.М. ва шифокор Й.О. ўзаро ярашиб олишганлигини, бир-бирига нисбатан ҳеч қандай даъво ёки эътирози йўқлигини билдириб, суд-тиббий экспертизадан ўтишдан бош тортишади. Шундан келиб чиқиб, терговга қадар текширувни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Тўпланган ҳужжатлар назорат тартибида ўрганилганида профилактика инспектори суриштирув ҳаракатларини бир томонлама олиб борганлиги, ҳолатга гувоҳ бўлган қўшимча шахсларни аниқламаганлиги, ижтимоий тармоқларда акс этган ҳолатларини иш ҳужжатларига қўшмаганлиги ва бошқа суриштирув ҳаракатларини олиб бормасдан шошма-шошарлик билан ҳеч қандай процессуал аҳамиятга эга бўлмаган қарор қабул қилганлигини аниқланган.

Шунга кўра, мазкур қарор 13 сентябрь куни Андижон туман прокурори томонидан бекор қилиниб, туман ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспектори Ф.И.га нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Бош прокуратура матбуот хизмати «Xabar.uz» мухбирининг «Зўравон ростан ҳам ИИБ ходимими?» деган саволига қуйидагича аниқлик киритди: Жанжаллашган фуқаро Ғ.М. унинг укаси Ш.М. туман ИИБ тезкор вакили вазифасида ишлайди. Ҳозирча у шифохонага акаси ва шифокор ўртасида жанжал бўлиб ўтганидан сўнг етиб боргани маълум.

Ҳозирда туман прокуратураси томонидан қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Андижон вилояти ИИБнинг ҳолатга изоҳи

ИИВ ахборот хизматининг маълум қилишича, юқоридаги воқеа юзасидан Андижон тумани ИИБга 2020 йил 29 август куни соат 13:30 ларда хабар келиб тушган.

«Ҳолат ўрганилганда, аниқланишича, мазкур поликлиника умумий амалиёт шифокори фуқаро О.Й. шу куни иш фаолиятини олиб бораётган вақтида, Андижон тумани «Кенгаш» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро М.Ғ. жияни М.А.нинг соғлиғи ёмонлашганлиги учун уни тиббий кўрикка олиб келган, сўнгра ҳақиқатан навбат талашиб, фуқаро ва шифокор ўртасида ўзаро келишмовчилик ва жанжал келиб чиққан. Шифокорнинг тушунтиришига кўра мазкур ҳолат юзасидан унда ҳеч кимга нисбатан даъвоси йўқ, келишмовчилик оқибатида тан жароҳати олмаган.

Ўз навбатида, иккинчи томон М.Ғ. ҳам икки томонлама жанжал ўзаро тушунмовчилик натижасида келиб чиққанлигини, шифокордан кечирим сўраб, тартибсизлик қилганидан пушаймон эканлигини, ҳозирда шифокорга нисбатан эътирози йўқлигини, тан жароҳати олмаганлигини баён қилган.

Томонлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда иш бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқий баҳоланиб, ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Ички ишлар органлари ходимлари мазкур келишмовчиликда иштирок этишмаган», дейилади ИИБ хабарида.

Шу билан бирга, вилоят ИИБ ахборот тарқатувчи телевизион каналлар ва айрим ижтимоий тармоқлардан, жамоатчиликка эълон қилинаётган маълумотларни текшириб, холислигига ишонч ҳосил қилганидан сўнг аҳолига етказишларини сўраган.

«Текширилмаган ва ёлғон ахборотни, шунингдек, ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантиришга қаратилган маълумотларни тарқатиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаришини унутмасликларини сўраб қоламиз», – дея хабарни якунланган ИИВ.